i

Иссиқ иқлим шароитида тўғри овқатланиш

Ердаги иссиқликнинг асосий манбаи бу Қуёш. Қуёш асосий энергия манбаи ҳисобланиб, у об-ҳавони белгилайди.

Инсон ўз ҳаёти давомида доимий микроиқлимдан ҳарорат даражасининг кескин ўзгаришларигача бўлган хил температура шароитида яшайди. Ҳарорат жуда ошиб ёки камайиб кетганда  организмда ишлаб чиқариладиган энергия (иссиқлик) билан шу энергияни ташқи муҳитга иссиқлик тарзида бериладиган миқдори ўртасидаги мувозанат  организм томонидан назорат қилиб турилади. Бу эса,тана ҳароратининг доимий равишда сақланишини таъминлайди.

Хўш, ҳаво исиб кетган пайтда танамиздаги ўзгаришлар қандай намоён бўлади?

Ҳаво исиб кетган пайтда қон томирлар кенгаяди. Қон тананинг юза қисмларига қуйилиб, тери ҳароратини оширади. Шундай қилиб, ташқи муҳитга иссиқлик берилиши кучаяди. Агар тери ҳарорати бундан кейин ҳам ошишда давом этса, организм иссиқлик тарқатишни тўхтатади. Чунки ташқи ҳаво ҳарорати тана юзасидаги ҳароратдан юқори бўлади. Бундай ҳолларда тер безлари ишга тушади. Шунда, одам терлайди (терлаш йўли билан иссиқлик чиқариш организмдаги ортиқча иссиқликни чиқариб ташлашнинг ягона йўли ҳисобланади).

Бироқ ҳаво намлик билан тўйинган бўлса, иссиқлик одам танасидан тери орқали чиқиб кета олмайди ва шунда тана ҳарорати кўтарилади. Иссиқлик ишлаб чиқариш ва беришни назорат қиладиган орган ишламай қўяди. Бунинг оқибатида тананинг ҳаддан ташқари исиб кетиши кузатилади ва натижада одам:

-ҳолдан тойишига;

-умумий аҳволининг ёмонлашувига;

-пульс тезлашувига;

-бош айланиши, бош оғриғи;

Одамни иссиқлик уриши янада хавфлироқдир. У тўсатдан юз беради ва кўпчилик ҳолларда танамизда кўнгил айниши, кўриш қобилиятининг кескин пасайиши билан намоён бўлади. Бундан ташқари терининг қизариши, айрим ҳолларда куйиши мумкин.

Миянинг иссиқлик идора қилиш маркази ишламай қолиши оқибатида организм ортиқча иссиқликнинг ўзидан чиқара олмайди ва одам ҳушидан кетади. Халқ тилида «офтоб урибди»,- дейилади.

Хуллас, иссиқ ҳаво организмнинг ички қисмига тўпланиб бутун аъзолар фаолияини бузади. Жумладан, асаб ва юрак қон томир тизимлари фаолиятининг бузилишига олиб келиши мумкин.

Юқоридаги об-ҳавонинг ноқулай таъсиротларига танангизни қаршилик кучини ошириш ва жазирама иссиқдан сақланиш учун биз қуйидаги чора-тадбирларни тавсия этамиз:

- Меҳнат қилиш ва дам олишни тўғри ва тартибли, бир маромида ташкил қилинг.

- Меҳнат қилиш жараёнида дам олиш учун вақти-вақти билан танаффус қилиб туринг (ҳар соатда 10-15 дақиқа дам олинг).

- Фаол дам олишдан пассив дам олишга ўтиш лозим. Пассив дам олишнинг асосий тури нормал ва соғлом уйқудир.

- Ухлашдан олдин тоза ҳавода 40-60 дақиқа хотиржам сайр қилинг. Ёзда деразани очиб ухланг.

- Дам олиш жойларида, боғларда чиройли манзарали сув бўйларида пиёда сайр қилсангиз нур устига аъло нур бўлади.

- Юриш тугагандан сўнг организмни бўшаштирадиган енгил манқларни бажаринг.

- Илиқ душ қабул қилинг.

- Имконингиз борича дам олиш кунларини ҳавоси салқин бўлган жойларда ўтказинг.

- Куйишни олдини олиш учун махсус офтобдан сақловчи кремлардан фойдаланинг.

- Офтоб урганда баданни хўл сочиқ билан ўранг. Терини куйган жойига кўпиксимон малҳам Пантенол ёки Олазоль (спрей) сепинг.

- Халқ табобатида куйган жойга ўрикни, бодрингни эзиб қўйиш ёки қатиқ суртиш ҳам тавсия қилинади.

Организмда об-ҳавонинг ноқулай таъсиротларига қарши ҳимоя кучларини ошириш учун овқатланишнинг асосий қоидаларига амал қилиш лозим. Улар қуйидагилар:

- Шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилинг;

- Қовурилган таомларни камроқ истеъмол қилинг (қовурилган таомлар меъдани таъсирлайди, қийин хазм бўлади);

- Кўп овқат еманг. Организм фақат кучи етадиган овқатни сингдиради, қолган овқат эса, организмга оғирлик қилади ва ҳар хил касалликларга сабаб бўлади.

- Ёғли ва шўр таомларни чекланг (яъни таомдаги туз миқдорини камайтиринг);

-Овқат калориясини камайтиринг.

- Оқсилли кунларини сабзавотли кунлар билан алмаштиринг; ўрик шарбати, сабзи, олма шарбати, қора смородина шарбатидан кўроқ истеъмол қилинг;

- Сабзавотларни хомлигича турли салатлар тарзида истеъмол қилинг;

- Кўпроқ витаминларга бой бўлган маҳсулотлар билан овқатланинг;

- Мева ва сабзавотларнинг пўсти жуда фойдали, шу сабабли уларни яхшилаб ювиб, арчмасдан ейиш керак;

- Ёғсиз сузма, творог, қатиқ, айрон каби сут маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилинг;

- Кўпроқ суюқлик ичинг. Ҳар бир киши меъёрида 1 суткада 2,5-3 литр сув ичиш лозим бўлса, куннинг иссиқ пайтида сув миқдорини оширинг;

Шошилинч метеорофилактика даврида об-ҳавонинг метеопатик таъсирларига мойил инсонлар ҳар куни асал ейишлари керак. Асал организмда қаршилик кучини оширади. Асални профилактик ва даволаш хоссаларини оширадиган бошқа воситалар билан биргаликда истеъмол қилиш лозим. Бундай воситаларга: наъматак, лимон, лавлаги, алоэ шарбатлари ва ёнғоқ киради;

Доривор гиёҳ дамламаларини оила шифокори билан маслаҳатлашган ҳолда ичиб туринг. Жумладан, мойчечак, тоғ райҳони, кийик ўти, қирқбўғин, чаён ўт каби доривор ўтлардан кўпроқ фойдаланинг.

Хуллас, маромли ҳаёт тарзига, гигиенага, парҳезга, яъни овқатланишда табиийлик ва меъёрликка амал қилсак, табиатнинг барбод қилувчи кучларидан ўзимизни ҳимоя қилган бўламиз. Зеро, ҳар бир инсон ўз соғлиғи учун маъсулдир. 

Поделиться в соц. сетях

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Buzz
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Просмотров: 745 | На печать На печать

Комментариев нет

Отправить комментарий

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech