svezhevyizhatyie-soki

Ота-оналарнинг фарзанд тарбияси борасидаги ҳуқуқий, маънавий-аҳлоқий ва тиббий билимларга эга бўлишининг моҳияти ва аҳамияти

            Ёшларимизни  ҳар  томонлама  етук  ва  баркамол  этиб  тарбиялаш, ҳаёт  абадийлиги,  авлодлар  давомийлигини  таъминлайдиган  маънавият қўрғони  бўлмиш  оилада  қарор  топади.

           Ота-оналарнинг ҳуқуқий билимларга эга бўлиши   фарзандлар  тарбиясида  уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга,  келажак   ҳаётда  авваламбор ўзининг қолаверса, бошқаларнинг ҳуқуқ ва бурчларини чуқур билишга, уларга қатъий риоя қилишга ёрдам беради.  Ҳуқуқий маданият деганда,  биринчи галда ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини яхши билиш ва фойдаланиш талаб этилса, иккинчи томондан фуқаронинг қонун олдидаги бурчи ва мажбуриятларини  унутмаслиги тақазо этилади. Ҳуқуқий маданиятли одам қонунлардан қўрққани учун эмас, аксинча, қонунни ҳурмат қилгани, унинг тимсолида  халқ  ҳоҳиш – иродасини  кўргани учун қонун асосида яшашни ўз ҳаётининг маъно – мазмуни деб билади.  Ҳар бир  ота-она оилада фарзандларига  ҳуқуқий  билимларни  сингдириб  бориши  баробарида  уларнинг  ҳуқуқий маданиятли бўлиши,  ҳуқуқ соҳасида камолга етиши, бошқаларга ибрат  ва намуна бўла олишига  эришади.

Ўзбек оиласи ўзининг болажонлиги, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларнинг самимийлиги, одоб-ахлоқ борасида ўрнак эканлиги, ор-номуснинг кучлилиги, ёшларга иззат, кексаларга ҳурмат каби фазилатлари билан алоҳида ажралиб туради.  Ота-онанинг фарзандига бўлган меҳри, фарзанднинг ота-онага жавоб меҳрини элимизда табиатнинг инсонга бахшида этган энг олий “неъмати”  деб баҳолайдилар.   Одобли, билимдон, ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли  ва соғлом фарзандлар  нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир.

Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини  шакллантириш  ва  юксалтиришда  оиланинг ўрни  ва аҳамияти беқиёсдир. Оиланинг мақсад ва вазифаси  фарзандларини  маънавиятли, бақувват, руҳан тетик, салоҳияти баланд комил инсонлар қилиб тарбиялашдан иборат. Оиланинг ижтимоий вазифасига – фарзандларни тарбиялаш, яхши инсон қилиб камолга етказиш, уларнинг табиат ва жамиятга нисбатан ўзаро муносабатини шакллантириш, вақтида дам олиши, саломатлигини таъминлаш кабилар киради. Демак, оиланинг ижтимоий вазифаси ижобий бажарилса, яъни  болада оилага, ота-онага, катталаргаҳурмат, ўзаро ёрдам каби хислатлар шаклланса, келажакда оила қургач, унинг ўзи ҳам фарзандларини худди шундай тарбиялашга интилади. Оиланинг иқтисодий вазифасига – оила  аъзоларининг  яшаш учун зарур бўлган моддий бойликлари  уй-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак, уй жиҳозлари билан таъминлаш киради. Оиланинг яна бир муҳим вазифаларидан бири яратувчанлик, бунёдкорлик, ишбилармонлик ва фаровонликдир.

Мамлакатимизда оила барқарорлигини таъминлаш мақсадидаги  асосий  эътибор  оила институтини янада ривожлантириш, ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, жисмонан соғлом, маънавий етук, ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини ошириш,  маҳалланинг мавқеини  мустаҳкамлашга   қаратилган.

Президентимиз томонидан жорий  йилнинг “Халқ  билан  мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб  номланиши  барча соҳадаги олиб борилаётган ишларни тубдан такомиллаштириш, мамлакатни янада ривожлантиришнинг янги  босқичи  деб тушунмоғимиз лозим. Ушбу йилда қабул қилинган   2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта  устувор йўналиши  бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурида  ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги  бурчи ва  масъулияти, бу масалага кенг жамоатчилик эътиборини  жалб этиш ҳамда  давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини  мустаҳкамлаш каби   масалаларига  алоҳида  ёндашилган. Зеро, оила, маҳалла, мактаб ўртасидаги ўзаро боғланиш ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутмоқда.

Оиладаги муҳит бола тарбиясига ўзига хос таъсир ўтказади. Аҳил оилаларда тинч-тотувликда яшаб, инсоннинг ёшига ёш қўшилса, касалликлар кам учраса, носоғломмуҳитга эга бўлган оилаларда тез-тез жанжаллар, касалланиш, умрнинг қисқалиги, зарарли одатларга берилиш ҳолатлари кўп учраши аниқланган.  Ҳозирги кунда ҳар бир  ота-она “Мен фарзандимга яхши тарбия бера олдимми? У жамиятда ва оилада ўз ўрнини топа оладими? У соғломми? Фарзандим оила қуришга тайёрми?” деган саволларни  ўзига бериши ўринли. Чунки оила қуриш, фарзанд кўриш ва уни тарбиялаб вояга  етказиш каби оилавий масалалар маънавий, руҳий, жисмоний, тиббий тамойилларга асосланади. Ота-оналар фарзандини келажакка ишонч туйғуси билан яшаш руҳида тарбияламоғи керак. Чунки, келажакка ва ўзига ишонган инсонгина,  ҳаётга тез мослашиб кета оладиган,  бахтли  ва  ўз саломатлигига эътиборли  бўлади.

Ота-оналарнинг оиладаги руҳий муҳит барқарор бўлишига эътибор беришлари фарзандларнинг келгусида руҳан соғлом бўлишига замин яратади. Соғлом руҳиятли инсон соғлом  фикрлайди, дейишади. Руҳий саломатликни сақлаш  ҳар бир инсонни ўз қўлида эканлигини   фарзандлар онгига сингдириш уларни ҳаётда чидамли, сабр-қаноатли бўлишга,  босиқлик ва хотиржамлик билан иш кўришга, бўлар-бўлмасга тушкунликка тушмасликка, ҳар қандай  вазиятда мулоҳазали бўлиб тўғри  йўл  тутишларига  ундайди. Бундан  ташқари, руҳий саломатликни сақловчи омилларга аҳлоқан поклик, ҳалоллик, виждонлилик, иймон-эътиқод, масъулият ҳисси, ўзига ишонч, ҳаракатчанлик, мустақиллик, самимият, табиийлик, бағрикенглик, меҳр-оқибатлилик, ўзига нисбатан ҳурмат каби чин инсоний  фазилатлар  киради.

Ҳар бир инсоннинг саломатлик даражаси  унинг тиббий маданиятлилигидан далолат беради.  Саломатлиги тўғрисида қайғурган, тиббий кўриклардан мунтазам равишда ўтиб туришни ўзига қоида қилиб олган,  ҳамда саломатлигига масъулият билан ёндашганлар тиббий маданиятли инсонга айланади. Оилада йигит ва қиз соғлом униб-ўсган бўлса, демак келгусида соғлом авлодни дунёга келтиришга эришилади. Фарзандларнинг  болалик, ўсмирлик давриданоқ  саломатлигига катта аҳамият бериб, тарбиялаш ота-она, айниқса оналарнинг зиммасига юклатилган масъулиятли вазифа бўлиб ҳисобланади. Улар фарзандлари саломатлигини асрашда гигиена қоидаларига  амал қилишларига алоҳида эътибор беришлари,  оилада тўғри овқатланишни ташкил этишлари,  профилактик тиббий кўрикдан ўтказиб туришга эришишлари лозим. Айниқса, қиз боланинг соғлиғини назорат қилиб, уй юмушларига, ҳамда оилавий муносабатларга тайёрлаш, йигитларни  эса, бир касбнинг эгаси бўлиб ўз оиласини моддий ва маънавий томонидан таъминлашга тайёрлаш  мақсадга мувофиқ.  Қизларнинг жисмоний  соғлом  бўлишлари  билан бирга  маънавий  қиёфаси ,яъни  ички  дунёси,  руҳияти  ва ахлоқ-одоби ҳам гўзал  бўлмоғи керак. Чунки, миллатнинг  келажаги    кўп  жиҳатдан уларга  боғлиқ эканлигини унутмаслик  керак.

Ёшлар  ўз саломатликларига эътибор берган ҳолда,  тиббий  билимларга эга бўлишлари жуда муҳим.  Соғлом оилани шакллантиришда   никоҳдан ўтувчи ёшлар  албатта тиббий кўрикдан ўтишлари лозим. Чунки, соғлом ота-онадан  соғлом фарзанд  дунёга келади.

Ота-оналар  фарзандларининг тиббий билимларни  ошириш мақсадида     оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом авлодни тарбиялаш бўйича ота-оналарга керакли маслаҳатлар,  ўсмир қизларга тавсиялар ва йўриқномалар  беришга ҳамда оналар  ва болалар саломатлигини муҳофаза  қилиш,  оилада  тиббий  маданиятни  юксалтириш, миллат генофондини мустаҳкамлашга  қаратилган   қўлланмалардан   фойдаланишлари  зарур.

Одам соғлом яшаш санъатини ўрганиши, ўз соғлиғини мустаҳкамлашни билиши керак. Ҳаёт тарзини соғломлаштиришга интилиб яшамоғи керак. Соғлом турмуш тарзи – одамнинг маънавий, жисмоний, ақлий, руҳий хусусиятлари йиғиндисидан иборат бўлиб, кишининг узоқ умр кўриши, меҳнат унумдорлиги, тотув оила қуриши, болаларни соғлом қилиб тарбиялашининг асоси ҳисобланади.

Поделиться в соц. сетях

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Buzz
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Просмотров: 450 | На печать На печать

Комментариев нет

Отправить комментарий

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech