38. Пралеска

ЯНГИ ЙИЛ ТАОМНОМАСИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК ВА НИМАЛАРГА АҲАМИЯТ БЕРИШ ЗАРУР!

Янги йил байрами дастурхони ҳар қачонгидан ҳам тўкин-сочин бўлади. Янги йилни тўкин сочинлик билан кутиб олишга ҳаракат қилинади.  Одатда янги йил оилавий байрам сифатида кутилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир оила янги йилни кутишда ва дастурхонни безашда оиладаги  болаларни ҳам инобатга олиши зарур. Акс ҳолда, бу эътиборсизлик зиёфатни кўнгилсизликка айлантириши ҳеч гап эмас.

Янги  йилни  кутиб олиш,  авваломбор, мазали ва сифатли овқатлар билан  дастурхонни  безашдан бошланади. Байрам таомномасини  янада фойдали, тотли  ва  мазали   ҳамда  организм  учун фойдали  қилиб тузиш учун  нималарга аҳамият бериш кераклиги  ҳаммага бирдек қизиқ бўлса керак албатта.

Байрам  дастурхонига аксарият ҳолларда қўйиладиган ва  кўп истеъмол қилинадиган  маҳсулотларга  ҳар хил гўшт маҳсулотлари, салатлар, мевалар, ҳар хил тузламалар,  канцервали маҳсулотлар, ширинликлар (қандолатчилик маҳсулотлари), чақ-чуқлар ва ҳар хил ичимликлар киради.

Гўштлар.  Гўштларга мол, қўй, эчки, чўчқа, товуқ, бедана, қуён, ўрдак, курка(индейка) ва б.қ. киради. Гўштнинг фойдаси  унинг таркибида оқсил моддасининг  мавжудлигидадир. Протеин инсон танаси ҳужайралари ва органлари учун  қурилиш материалидир.  Шунингдек, гўштнинг таркибида кўплаб витамин (С, А, Е, РР, В гурухи) ва минераллар ( магний, кобальт, натрий, калий, темир ва цинк) ҳамда қимматли аминокислоталар, ёғлар мавжуд.

Шу билан бирга ҳайвон ёғлари организмда яхши ҳазм бўлмайди  ва гўштдаги холестерин ошқозон томирлари деворига йиғилиб, атеросклероз ривожланишига олиб келади.  Шунингдек, модда алмашинуви  маҳсулоти бўлган сийдик кислотаси  артроз, артрит ва бошқа бўғим касалликларига олиб келади. Гўшт кўп миқдорда истеъмол  қилинганда, ичакларда чириш жараёни юз беради ва бунинг натижасида ҳосил бўлган шлаклар (хилтлар)  қон оқимига тушиб бутун организмга тарқалади. Бу эса ҳолсизлик ва кўплаб касалликларнинг ривожланишига шароит яратади. Бунда буйрак ва жигар зўриқиб ишлай бошлайди. Шунингдек, ҳайвонлар семириши ва ўсишини тезлаштирадиган ҳар хил кимёвий қўшимчалардан ҳамда антибиотиклардан фойдаланилади. Булар эса, гўшт билан бирга одам организмига салбий таъсир қилади. Гўшт маҳсулотларини паранда ёки қуён гўштига алмаштиришга ҳаракат қилинг! Ёки  гўштни яшил кўкатлар ёки сабзавотлар билан истеъмол қилинг, масалан, редиска. Уларни қўшиб истеъмол қилиш таомга ўзгача таъм баҳш этади ва озиқ-овқатларнинг яхши ҳазм қилинишини  ҳамда организмда ўзлаштирилишини таъминлайди. Гўштни егандан кейин унинг кетидан совуқ сув ичиш  зарарли  эканлигига аҳамият беринг.

Гўштларнинг организмга зарарли таъсири уни тайёрлаш жараёни билан боғлиқ бўлиб, термик ишлов берилганда,  яъни қовурилганда зарарли моддалар, концирогенлар ҳосил бўлади, бу эса, онкологик касалликлар ривожланишига олиб келади. Гўшт маҳсулотларини тайёрлашда қайнатиб пишириш, буғлаш ва дудлаш усулларидан фойдаланганингиз мақсадга мувофиқ. Бу усуллар гўшт маҳсулотининг хавфсизлигини таъминлашга ва тайёрлаш жараёнида сарф қилинадиган ёғ,  туз ва маҳсулотдаги қанд миқдорини камайтиришга ёрдам беради. Худди шу усулларда тайёрланган овқатлар ошқозонда яхши ҳазм бўлади, ошқозоннинг  бузилишига олиб келмайди ҳамда тайёрлаган овқатингиздаги маҳсулотлар ўзида кўпроқ витаминларни сақлайди.

Салатлар. Байрам дастурхонини салатларсиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, “Оливе” салати ушбу кечада кўп истеъмол қилинадиган салатлардан  ҳисобланади. Албатта, бу салат тури мазали ва тўйимли бўлиши билан бир қаторда, таркибида турли хил кимёвий стабилизаторлар ва қалинлаштирувчи моддаларни ҳам сақлайди. Устига-устак унга қўшиладиган  колбаса, одатда, салат билан унчалик ҳам уйғун дея олмаймиз. Шу сабабли, қайнатилган колбаса ёки сосиска ўрнига қайнатилган гўшт ёки товуқ фелетосидан фойдаланганингиз маъқул. Бундан ташқари, майонез ўрнига ёғсиз ёки ёғи кам миқдорда бўлган йогурт билан  алмаштирган мақсадга мувофиқ.

Сабзавотлар: Сабзи, карам, гулкарам, туруп, шолғом, редиска, қовоқ, пиёз, қизил лавлаги, қандлавлаги, кўкатлар, помидори, бодринг, булғор қалампири, саримсоқ пиёз, бақлажон ва бошқа сабзавотларни байрам дастурхонида учратиш мумкин. Албатта, ҳар доим ҳам овқат рационига сабзавотларни киритиш, имкон қадар овқат билан мавсумий янги сабзавотларни истеъмол қилиш, мақсадга мувофиқдир.

Ҳўл мевалар: Байрам дастурхонига, албатта, хилма-хил олма, нок, узум, хурмо, анор, лавлаги, лимон, апельсин ва бошқа мевалар қўйилади. Меваларни, яхшиси овқатдан 30-40 минут олдин ёки овқатланишлар оралиғида истеъмол қилиш зарур.

Шарбатлар: Байрам дастурхонини шарбатларсиз тасавур қилиш қийин. Айниқса, ҳар хил сабзавот ва мевалардан тайёрланган шарбатлар янги йил дастурхонининг безаги ҳисобланади. Табиий шарбатларни истеъмол қилиш соғлиқни сақлаш ва мухофаза қилишда катта аҳамиятга эга. Шарбатларни яхшиси овқатдан 25-40 минут олдин ёки овқатланишлар оралиғида истеъмол қилиш  мақсадга мувофиқдир. Шарбатларнинг афзаллиги, организм учун фойдали бўлган кўплаб моддаларни сақлашидадир. Мисол учун, иммунитетни ошириш учун витаминлар комплекси ўрнига, шу витаминларни сақловчи шарбатни ичиш мумкин. Агар шарбат ўртача меъёрда ичилса, организмни соғломлаштиради, модда алмашинувини яхшилайди, организмдан шлакларни (модда алмашинувининг зарарли махсулотлари бўлган хилтларни) чиқариб юборади, асабни тинчлантиради.

Қуруқ мевалар: байрам таомномасида данаксиз туршак, майиз, қуритилган олхўри, қора олхўри, хурмо, қуритилган хурмо (хурмоқоқи),  ёнғоқ мағзи, бодом, писта каби қуруқ мевалар ҳар доим бўлади, албатта. Қуруқ мевалар ўзида кўп миқдорда витамин (бета-каротин, аскорбин кислота, токоферол, витамин РР, В1), микроэлемент (калий, кальций, темир, фосфор), фермент ва клетчатка сақлайди. Ушбу  меваларни оз-оздан, овқатлар оралиғида истеъмол қилган мақул.

Ҳар хил пишириқлар: Турли хил фабрикаларда ишлаб чиқарилган қандолат маҳсулотлари: асосий қисми маргарин ёки пазандалик ёғидан фойдаланиб тайёрланган ҳамма пишириқларни, яъни печенье, тортлар, пирог, сомса, пирожние ва бошқаларни байрам таомномасига киритмаган мақул. Умуман, ушбу маҳсулотларни соғлом ҳаёт йўлини танлаганлар ўз таомномасида чеклашларини тавсия қилган бўлардик. Магазиндан сотиб олинганга қараганда уйда тайёрланган пишириқлар ҳамиша яхши ва сифатли бўлиши ҳаммага маълум, албатта.

Консерва маҳсулотлари:Консерва маҳсулотлари истеъмол қилишни чеклаш мақсадга мувофиқдир. Чунки, консерваларга юқори термик ишлов берилади, яроқлилик муддатини узайтириш учун уларга консервантлар, таъм кучайтиргичлар ва кўп миқдорда туз қўшилади. Шунингдек, консерваланган маҳсулотлар қандли диабет ва юрак-қон томир касалликларига сабаб бўлувчи юқори концентрацияланган кимёвий моддалар сақлайди.

Байрам кунлари кўп овқат еб қўйишга йўл қўймаслик керак! Ҳатто ўзига ёқадиган таомни ҳам ортиқча еб қўйиш, ошқозон-ичак бузилишларига олиб келади. Баъзан сурункали касалликлари бор одамларда ҳуружларнинг юзага келиши кузатилади.

Байрам ичимликларига  ҳар хил ширин, газли ичимликлардан кўра, турли хил компот ва морслар, шарбатлар, қуруқ мевалардан тайёрланган дамламалар танлаш мақсадга мувофиқдир.

Янги маҳсулот керак эмас!

Янги турдаги маҳсулотларни эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиш тавсия этилади.  Байрам кечаси шу пайтгача еб кўрмаган таомларни  истеъмол қилиш, айниқса болаларга едириб кўриш мақсадга мувофиқ эмас. Уни организмингиз ёки бола организми қандай қабул қилишини билмайсиз-ку, ахир! Янги йилнинг биринчи кунини бадандаги тошмалар ва ошқозон оғриқлари билан кутиб олишни истамасангиз, таомларга фақат синалган масаллиқларни ишлатинг.

Овқатларни олдиндан тайёрлаб қўйманг!

Янги йил арафасида бир кун олдин таомларни тайёрлаб қўйиш тавсия этилмайди, сабаби тайёрланган маҳсулот музлаткичда бир неча соат сақланса, витамин ва минераллари ўлиб, зарарли бактерияларга айланади. Хона ҳароратида сақланган овқатларда эса ҳар 15 дақиқада микроблар икки баробар кўпайиши аниқланган. Ошқозондаги кислоталар бу микробларнинг кўп қисмини йўқ қилиб юбориш қобилиятига эга. Бироқ болаларда ошқозон кислотаси кам миқдорда бўлгани учун зарарли бактериялар ичакларда йиғилиб, ичак касалликларига олиб келади. Шу боис ҳам бир кун олдин тайёрланган ёки байрамда тайёрланган таомни эртаси куни тушликка  айниқса  болаларга едириш мақсадга мувофиқ эмас.

Маҳсулотларни ҳарид қилишда эҳтиёт бўлинг!

Савдо дўконлари, бозорларда ва кўчаларда сотилаётган уйда тайёрланган, махсус мувофиқлик сертификати йўқ, банкаси юзида этикеткаси ва қопқоғида маркировкаси бўлмаган, қопқоғи шишиб турган, ранги ўзгарган, ёқимсиз ҳидга эга озиқ-овқат маҳсулотлари консерваларини сотиб олманг. Баъзи уйларда қиш мавсумига тайёрлаб қўйилган озиқ–овқат маҳсулотларининг консервалари сақланаётган ҳамда консерва банкаси қопқоғи шишмаган, ранги ўзгармаган бўлсада, истеъмол қилишдан олдин сирланган идишга солиб қайнатиб олиш лозим. Чунки консерва маҳсулотлари қайнатиб олинганда юқори ҳароратда таркибидаги ботулин заҳарлари (токсинлар) парчаланиб, йўқолади ва заҳарланишни келтириб чиқармайди. Консерва, колбаса, дудланган маҳсулотларни сақлаш қоидаларига қатъий амал қилиш керак.

Янги  йил  таомномасига киритмаслик  шунингдек, соғлиқни мустаҳкамлаш ва мухофаза  қилиш  мақсадида  қуйидаги маҳсулотларни имкон қадар чеклаш ёки умуман истеъмол қилмаслик мақсадга мувофиқ:

  • Дудланган колбаса ва балиқли деликатеслар, денгиз маҳсулотлари, икра, ўрдак ва ғоз гўшти, маринадланган маҳсулотлар, зайтун, майонез, холодец, қўзиқорин, экзотик мева ва сабзавотлар, уйда тайёрланмаган торт, пирожний, пишириқ, печенье, крекер ва вафлилар, музқаймоқ, шоколад, шоколадли конфетлар, рангли ва рангсиз газли ичимликлар. Тайёрланган колбаса маҳсулотларига крахмал қўшилади, консистенциясига (қуюқ-суюқлиги) қаттиқлик бериш мақсадида,    суяк ва тери ёғи қўшилади ва б.қ. Ишлов берилган гўшт ичак саратони, инсульт ва инфарктга олиб келувчи атеросклероз касалликлари хавфини сезиларли оширади.
  • Ҳаддан   ташқари туз маҳсулотлари ва банкали консервалар. Ҳаддан   ташқари туз маҳсулотларини кўп истеъмол қилиш, қон босимининг ошишига имкон туғдиради, у ўз навбатида инсульт ва инфаркт хавфини оширади. Банкали консерваларга юқори термик ишлов берилади.  Яроқлилик муддатини узайтириш учун консервантлар, таъм кучайтиргичлар ва кўп миқдорда туз қўшилади. Консерваланган маҳсулотлар қандли диабет ва юрак-қон томир касалликларига сабаб бўлувчи юқори концентрацияланган кимёвий моддалар сақлайди.
  • Фастфудлар-Гамбургер, ҳот-дог, лаваш, донар, шаурма, картошкали фри, клаб сэндвични умуман истеъмол қилмаслик керак.  Фастфудлар ортиқча тана вазнга ва семизликка, ўт қопида тош пайдо бўлишига, буйрак касалликларига, атеросклерозга,  холестерин ошишига, қонда шакар миқдорининг ошишига, гипертония, ошқозон ости бези ва жигар касалликларига, кариес, ошқозонда яра ва гастрит пайдо бўлишига олиб келади.
  • 2015 йил 30 октябрда ЖССТ гўшт маҳсулотлари бўйича сўнги тадқиқот натижаларини маълум қилди. Маълумотларга қараганда, колбаса, чўчқа гўшти, жамбон ва иссиқ итлар каби қайта ишланган гўшт маҳсулотлари онкологик касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлар экан.

Ҳар қандай шароитда соғлом турмуш тарзи тамоилларига амал қилинг, соғлом овқатланишга ҳамда соғлигингизни мустаҳкамлаш ва мухофаза қилиш юзасидан берилган тавсияларга амал қилишга одатланинг! Шунда сиз соғлом ва бахтли хаёт кечириб, узоқ умр кўрасиз. Янги йил таомномасини соғлом овқатланиш тамойилларига амал қилган ҳолда  тузинг ва янги йилни яхши кайфиятда кутиб олинг! Кириб келаётган янги йил ҳаммамизга қутлуғ бўлсин.

Жамият саломатлиги ва соғлиқни

сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот

институти  ходими  тиббиёт фанлари номзоди   Кенжабой  Исмаилов

Поделиться в соц. сетях

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Buzz
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Просмотров: 823 | На печать На печать

Комментариев нет

Отправить комментарий

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech