20120917-schoolfood_1

Ҳомиладорлик даврида соғлом овқатланиш

Ҳомиладорлик даврида доимий шифокор назоратида бўлиш жуда муҳим. Бу даврдаги тиббий кўриклар она ва ҳомилани соғ-саломат бўлишини таъминлайди.

Ҳомиладорлик пайтида соғлом овқатланиш – нафақат боланинг тўғри ўсиши ва ривожланиши, балки бўлғуси онанинг ўзини соғлом бўлиши гаровидир!

Тўғри танланган рацион ҳомиладорлик пайтида овқат ҳазм бўлишини йўлга қўйишга ёрдам беради, уйқуга берилиш ва толиқишнинг олдини олади, иммунитетни мустаҳкамлайди

Ҳомиладор аёлларни рационал овқатланиши деганда – кун давомида овқат рационини тўғри тақсимланиши ва ҳомиладорликнинг муддатларига мутаносиб ҳолда турли хил овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш демакдир.

Ҳомиладорликнинг барча даврларида овқатланиш муҳим аҳамиятга эга бўлса ҳам унинг дастлабки учойлик даврига алоҳида эътибор бериш керак.

Ушбу даврда ҳомилада янги аъзо ва тизимлар ривожлангани сайин оқсил, ёғ, углевод, витаминлар, минерал ва бошқа озиқа моддаларга бўлган эҳтиёж ошиб боради (аёлда витаминга бўлган талаб 2-2.5 марта ошади).

Шуни ҳисобга олган ҳолда турли хил маҳсулотлардан истеъмол қилиш тавсия этилади. Бу даврда ҳомиланинг соғлом ва нуқсонсиз туғилишини таъминлашда фолат кислотаси миқдорини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Фолат кислотаси кўкатлар (петрушка), салат барглари ва дуккаклилар оиласига (мош, нўхот ва ловия) мансуб маҳсулотлар таркибида кўплаб мавжуд. Бундан ташқари буғдойдан тайёрланган нонлар (қора нон), гречкали бўтқа, сут ва сут маҳсулотлари, паранда гўшти, тухум, мева ва мева шарбати, сабзавотлар, айниқса карамни истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Иккинчи учойликда калорияга бой озуқаларни кўпайтирган маъқул. Бу даврда ҳомила вазнининг ортиши, бачадон, сут безларининг ўсиб бориши оқсилга бўлган эҳтиёжни оширади. Ҳомиланинг кўриш ва эшитиш аъзолари ривожланишига ҳисса қўшадиган А витамини ва бетакаротинга бой бўлган сабзи, карам, сариқ булғори ҳамда оқсилга бой балиқ гўштини истеъмол қилиш тавсия этилади.

Учинчи учойлик ўрталаридан бошлаб хамирли таомлар, ёғли гўшт, қаймоқларни овқат рационидан камайтирилган маъқул. Бу даврда ҳомиланинг суяклари ўсиши жадаллашади, шунинг учун таркибида кўп миқдорда кальций сақловчи маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Балиқ, ёнғоқ, гўшт, қатиқ, творог, сабзавотлар истеъмол қилиш организм учун фойдали ҳисобланади.

Ҳомиладор аёллар тўғри овқатланишида ёрдам берадиган амалий маслаҳатлар:

ҳомиладорлик даврида “иккита одам учун” еманг, овқатнинг ҳажми эмас, балки маҳсулотларнинг турлича бўлгани ва организм томонидан осон қабул қилиниши муҳим;

таомларингиз хилма-хил бўлишига аҳамият беринг. Гўшт, балиқ, мева ва сабзавотлар, дуккаклилар, макарон, нон ва сут маҳсулотларидан имконият борича ҳар куни оз-оздан истеъмол қилиш керак;

кўнглингиз тусаётган маҳсулотни ейишга ҳаракат қилинг;

тузни камроқ истеъмол қилинг. Тузланган сабзавотлар, дудланган балиқ ёки ҳар хил соуслар ҳомиладор аёл буйракларига салбий таъсир кўрсатади;

меъёрида суюқлик ичинг;

овқатни тез-тез ва оз-оздан ейишга ҳаракат қилинг;

уйқуга кетишдан олдин кўп таом еманг;

аллергия чақирувчи маҳсулотларни истеъмол қилманг;

спиртли ичимликлар, тамаки, аччиқ таомлар ва таркибида қаҳва сақловчи маҳсулотлар асло мумкин эмас;

ичагингизни вақтида бўшатишни таъминланг. Бунинг учун ҳазм қилиш тизими фаолиятини кучайтирувчи мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Агар қабзиятга мойиллик бўлса, қуритилган олхўри, ўрик ва қовоқ яхши самара беради.

Унутманг, соғлом овқатланиш ўзингиз ва фарзандингиз соғлиги учун муҳимдир!

 

Поделиться в соц. сетях

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Buzz
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Просмотров: 469 | На печать На печать

Комментариев нет

Отправить комментарий

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech