Visoki 400

Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг саломатлик ҳолати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг 2013 йилдаги иш фаолиятларининг тахлили (Давлат ва тармоқ йиллик тиббий статистик ҳисоботлари асосида)

Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг саломатлик ҳолати ва
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг 2013 йилдаги иш фаолиятларининг
тахлили
(Давлат ва тармоқ йиллик тиббий статистик ҳисоботлари асосида)

Тиббий – демографик ҳолат

Ўзбекистон Республикасида охирги йилларда аҳолининг табиий ўсиши натижасида аҳоли сони йилдан-йилга ўсиб бориши кузатилмоқда. Республикамизнинг дастлабки ўртача аҳоли сони 2013 йилда 30241,1 минг кишига тенг бўлди. Аҳолининг ўсиши барча вилоятлар учун характерлидир, лекин унинг ўсиши турличадир. Ўзбекистонда 2009-2013 йиллар мобайнида аҳоли сони деярли ўртача 9% гача ўсди. Аҳолининг ўсиши Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида 10% дан 11,2% гача, қолган вилоятларда 5,5% дан 8,9% гача оралиғида ўсди.
Аҳолининг таркибий кўриниши йилдан-йилга ўзгариб бормоқда. 2009-2013 йиллар мобайнида аҳоли таркибидаги болалар сонининг 2,9 фоизга ўсиши (2009 й – 8358,0; 2013й- 8597,5), ўсмирлар сони эса 2009 йилдан (1973,1) 2013 йилга қадар 3,8 фоизга камайиши кузатилди. Катталар сони 2009 йилдан (17291,9) 2013 йилга (19746,4) қадар 14,2 фоизга ортди.Юқорида келтирилган маълумотлар аҳолининг таркиби прогрессив кўринишда ўсаётганлигидан далолат беради. Аҳолининг ўртача ёши 27,5 ёш бўлиб, шаҳарларда – 28,8 га, қишлоқларда эса 26,2 га тенг бўлди.
Умумий аҳоли сонининг 48,9 фоизини (14779,6) қишлоқ аҳолиси, қолган 51,1 фоизини (15461,5) шаҳар аҳолиси ташкил этади.
Умумий аҳолининг 49,9 фоизини (15101,6) аёллар, қолган 50,1 фоизини (15139,5) эркаклар ташкил этади. Аҳолининг зичлиги ҳар бир квадрат метрга 66,8 га тенг бўлди.
Аҳоли ёш таркиби ўзгаришини туғилиш кўрсаткичининг ўзгаришига боғлаш мумкин. Охирги 5 йил мобайнида туғилиш кўрсаткичи 23,6 дан (2008 й.) 21,0 гача (2012 й) камайган бўлиб, 2013 йилда 22,5 га ортганлиги кузатилди.
Республикамизда Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири – она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга хизмат кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг салоҳиятини кучайтириш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишдан иборатдир.
Давлатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳолатнинг барқарорлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 13 апрелдаги ПҚ 1096-сонли ва 2009 йил 1 июндаги ПҚ 1144-сонли қарорларининг ўтган даврлар мобайнида изчил ва тизимли равишда ижросини таъминлаш натижасида 2013 йилга қадар туғилиш сонининг камайишига эришилди. 2013 йилда эса бу кўрсаткични жами вилоятлар бўйича ўсганлиги ва республика кўрсаткичи 21,0 дан 22,5 га ортганлиги қайд этилди.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, туғилиш кўрсаткичи Қашқадарё вилоятида 25,1 ни, Сурхондарё вилоятида 24,7 ни, Самарқанд вилоятида 24,8 ни, Андижон вилоятида 23,1 ни ташкил этиб, бу республика кўрсаткичида юқори эканлигини кўриш мумкин.
Аҳоли ёш таркиби улушини кўпроқ қисмини болалар ва ўсмирлар ташкил этганлиги ҳамда ўртача аҳоли ёши 27,5 бўлганли боис, республикада умумий ўлим кўрсаткичи унча юқори эмас.
Жорий йилда республикада ҳар 1000 аҳолига умумий ўлим кўрсаткичи 4,8 га тенг бўлиб, 2012 йилга (4,9) нисбатан 2,1% га камайганлиги ва бу кўрсаткични республиканинг барча вилоятларида ҳам кузатилганлиги қайд этилди.
Республикада туғилиш кўрсаткичининг умумий ўлим кўрсаткичидан ортиқлиги натижасида табиий ўсиш кўрсаткичи ҳар 1000 аҳолига нисбатан 17,7 га тенг бўлди (2012й. – 16,1). Табиий ўсиш кўрсаткичининг 2009 йилдан (18,6) 2012 йилгача (16,1) камайиши, 2013 йилда эса ушбу кўрсаткичнинг 1,4 га ортганлиги, яъни 17,7 ни ташкил этганлиги қайд этилди. Ҳаётнинг ўртача давомийлиги 73,1 ни ташкил этди.
Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган бир қанча давлат дастурларининг бажарилиши, аёлларга ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатининг ўсиши натижасида кейинги йилларда оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичлари республикамизда сезиларли даражада камайганлиги кузатилди.
2013 йилда бу кўрсаткич 1000 та тирик туғилганларга нисбатан 9,8га тенг бўлди. Тахлиллар 2009 – 2013 йиллар мобайнида гўдаклар ўлими кўрсаткичи 1,9 га (11,7дан -9,8 гача)камайганлигини кўрсатди.
Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 14,5 ни, Қорақалпоғистон Республикасида 11,4 ни, Тошкент вилоятида 10,3 ни, Андижон вилоятида 12,0 ни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқори эканлиги кузатилди.
Гўдаклар ўлими кўрсаткичи (1000 та тирик туғилган чақалоқларга нисбатан) 2009-2013 йилларда Навоий, Сурхондарё, Қашқадрё ва Жиззах вилоятларида республика кўрсаткичидан анча пастлиги аниқланди. Бу ҳолат юқорида қайд этилган вилоятларда гўдаклар ўлимини рўйхатдан ўтказилиши ва уларни қайд этиш тўғри талқин қилинганми ёки болалар саломатлигига бошқа вилоятларга нисбатан юқори даражада қаралаяптими, деган саволни туғдиради.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, оналар ўлими кўрсаткичи 100 000 тирик туғилганларга нисбатан 2013 йилда 20,0 ни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2012 йилга (20,2) нисбатан 0,2 га камайганлиги қайд этилди.
Тахлиллар оналар ўлими кўрсаткичини Навоий (41,5), Хоразм (29,1), Бухоро (29,9), Фарғона (21.7) вилоятларида республика кўрсаткичидан анча юқори ва Наманган (10,6), Жиззах (14,6), Қашқадарё (15,3) вилоятларида эса анча пастлигини кўрсатди.

Республика аҳолисининг саломатлик ҳолатидаги ўзгаришлар

Мамлакатимиз халқ хўжалигининг барча тармоқларида олиб борилган ислоҳотлар натижасида республиканинг барча тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши ва миллий даромаднинг ортиши кузатилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилди.
Жорий йилда умумий врачлар сони (тиш врачларисиз) 71971 нафарни ёки 10 000 аҳолига нисбатан 23,8 ни(2012 й. – 72007 ёки 24,2), ўрта тиббиёт ходимлари эса 313334 ёки 10 000 аҳолига нисбатан 103,6 ни (2012 й. – 310313 ёки 104,2 ни) ташкил этди.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги йиллик давлат ва тармоқ тиббий статистик ҳисоботларнинг тахлили шуни кўрсатдики, аҳоли орасида айрим юқумли касалликлар билан касалланиш кўрсаткичлари, жумладан ич кетиш, менингококк инфекцияси, вирусли гепатит “В”, сил билан касалланиш кўрсаткичларининг пасайиш ҳолати кузатилган, шу билан бирга ижтимоий касалликлардан руҳий бузилишлар, ҳавфли ўсма касалликлари билан касалланиш ҳолатлари ортган.
2013 йилда республика бўйича жами шифохоналардаги доимий ўринлар сони 120784 га ёки 10 000 аҳолига нисбатан 39,9 га тенг бўлди. Ушбу кўрсаткич 2012 йилда 124727 тани ёки ҳар 10 000 аҳолига нисбатан 41,9 ни ташкил этган. Ўринлар сонининг камайиши асосан кам қувватли шифохоналари ўринларини оптималлаштирилиши (2012 йил -741 дан 2013 йил 665 тага)эвазига юзага келди. Шунингдек, охирги 10 йиллар ичида паратиф А, В, С, дифтерия, полимиелит касалликларини қайд этилмаслиги республикамизда эпидемиологик ҳолатни барқарорлигидан далолат беради.

Аҳолининг касалланиши

Аҳоли саломатлигини белгиловчи асосий кўрсаткичлардан бири касалланиш кўрсаткичи бўлиб, у атроф-муҳит, аҳолининг турмуш тарзи ва тиббий хизматнинг қандай ташкил этилганлигига боғлиқдир. Соғлиқни сақлаш тизимини бошқаришда, саломатлик кўрсаткичлари каби бу кўрсаткич ҳам тизимни ривожлантириш ва ресурслардан мақсадли фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади.
Аҳолининг касалланиш ҳолати икки хил кўринишда -юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар сифатида тавсиф этилади.
2012-2013 йиллар мобайнида республикада аҳоли умумий касалланиш кўрсаткичи(2012 йил – 81006,54; 2013 йил – 80826,75) ҳамда биринчи марта рўйхатга олинган касалликлар кўрсаткичлари (2012 йил – 46997,43 ни; 2013 йил – 46696,52 ни) нинг камайиши кузатилди. Ушбу кўрсаткич соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган профилактик йўналишни, шу жумладан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирларини изчил амалга оширилаётганлигидан далолат беради, дейиш мумкин.
Лекин, умумий касалланиш кўрсаткичи Тошкент шаҳри (109261,55)да, Фарғона (100312,22) вилоятида, Қорақалпоғистон Республикаси (93516,88)да, Хоразм (91764,26) ва Навоий (87376,70) вилоятларида республика кўрсаткичидан юқорилиги ва аксинча Сирдарё (57849,95), Сурхондарё (62197,77), Жиззах (68516,90), Андижон (71737,45) ва Самарқанд (72720,67) вилоятларида республика кўрсаткичидан паст эканлиги аниқланди.
Аҳолининг умумий касалликлари кўрсаткичлари ичида биринчи ўринда нафас олиш аъзолари касалликлари (22,1), иккинчи ўринда қон ва қон яратиш тизими касалликлари – 20,76%, учинчи ўринда овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари – 11,25%, тўртинчи ўринда эндокрин тизими касалликлари – 7,18%, бешинчи ўринда қон айланиш тизими касалликлари – 6,81%, олтинчи ўринда сийдик йўли касалликлари – 5,82% турганлиги аниқланди.
Рақамлардан кўриниб турибдики, Республикада аҳоли касалланишининг асосий қисмини юқумли бўлмаган касалликлар ташкил этади. Демак, соғлиқни сақлаш тизимининг асосий вазифаларидан бири яқин йилларда юқорида қайд этилган касалликларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборат бўлади.

Қон айланиши тизими касалликлари

Умумий қон айланиш тизими касалликлари ҳисобот йилида республика бўйича 100 000 аҳолига нисбатан 5503,03 ни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич 2012 йилга (5464,26) нисбатан 0,7 фоизга ортган.
Ушбу кўрсаткич 2012 йилга нисбатан Бухоро вилоятида 11,5% га, Сурхондарё вилоятида 8,9% га, Хоразм вилоятида 4,2% га, Андижон вилоятида 7,4 % га, Қашқадарё вилоятида 4,3% га, Наманган вилоятида 2,7% га ортганлиги кузатилди.
Шунингдек, Тошкент (10538,66), Фарғона (7408,20), Бухоро (5967,93), Хоразм (6574,60) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (7439,34) қон айланиш тизими касалликлари кўрсаткичи республика кўрсаткичи (5503,03)дан юқори эканлиги қайд этилди.
Мазкур касаллик билан биринчи марта руйхатга олиш кўрсаткичи ҳар 100 000 аҳолига нисбатан республика бўйича 1759,24 ни ташкил этган ва 2012 йилга (1845,52) нисбатан 4,7% га камайган.
Ушбу кўрсаткич Хоразм (2712,61), Бухоро (2529,29), Фарғона (2238,54), Тошкент (2134,12), Сурхондарё (2010,90) ва Қашқадарё (1858,84) вилоятларида республика кўрсаткичидан юқори бўлган.
Шунингдек, ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳри (993,05), Самарқанд (1136,66), Сирдарё (1244,49), Навоий (1357,48), Наманган (1423,41) ва Андижон (1538,55) вилоятларида республика кўрсаткичидан паст бўлиб, касалликларни эрта аниқлашни яхши йўлга қўйилмаганлигидан далолат беради, дейиш мумкин.
Шу билан бирга, чегарадош ҳудудлар бўйича, жумладан иқлим шароити бир хил бўлган Фарғона водийси аҳолисининг биринчи марта аниқланган касалликлар кўрсаткичининг ҳар хиллиги (Андижон -1538,55, Наманган – 1423,41 ва Фарғона – 2238,54 ) нимадан далолат бериши мумкин?

Нафас олиш аъзолари касалликлари.
Ҳисобот йилида умумий нафас олиш аъзолари касалликлари ҳар 100 000 кишига нисбатан 17863,57 га тўғри келган. Тахлиллар ушбу касаллик билан касалланишни йилдан-йилга кўпайиб, ўтган йилларга (2011й-16207.17, 2012й-17105.94) нисбатан мос равишда 10.2 ва 4,4 % га ортганлигини кўрсатди.
Нафас олиш аъзолари касалликларининг Хоразм (27.8%), Фарғона (10.5%), Сурхондарё (10.6%га), Жиззах (7.2% га), Тошкент (6.6% га) ва Самарқанд (6.4% га) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (13.3%)га сезиларли даражада ошганлиги ва республика кўрсаткичидан юқори эканлиги аниқланди.
Шунингдек, Андижон (12417,29), Бухоро (12428,26), Самарқанд (14770,45), Сирдарё (14796,46), Қашқадарё (15978,49) ва Жиззах (16723,99) вилоятларида ушбу кўрсаткич республика кўрсаткичидан пастлиги қайд этилди.
Нафас олиш аъзолари касалликлари билан бирламчи, илк бор рўйхатга олиш ҳисобот йилида 100 000 аҳолига 14292,44 га тенг бўлиб, ўтган 2012 йилга (14101,21) нисбатан 1,4 %га ортган.
Бирламчи руйхатга олинган нафас олиш аъзолари касалликларининг, 2012 йилга нисбатан кўпроқ Хоразм вилоятида (38.0%га), Қорақалпоғистон Республикасида (14.1%га), Сурхондарё (9.4%га), Жиззах (9.7%га), Тошкент (7.5%га) ва Самарқанд (5.5%га) вилоятларида ошганлиги кузатилган.
Шунингдек, ушбу кўрсаткичнингФарғона (18904,34) ва Наманган (17749,16) вилоятларида, Тошкент шаҳрида (16828,63), Сурхондарё (16402,58) вилоятида, Қорақалпоғистон Республикасида (15472,85)ва Навоий (15068,41) вилоятидареспублика кўрсаткичидан юқорилиги ва аксинча, Бухоро (8516,03), Андижон (10632,01), Қашқадарё (11734,72), Самарқанд (12450,01), Сирдарё (12877,29) ва Хоразм (13244,73) вилоятларида республика кўрсаткичидан паст эканлиги қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш муассасаларининг тармоғи.

Ҳисобот йилида республика аҳолисига соғлиқни сақлаш тизими бўйича жами 120784 та доимий ўринга эга бўлган 665 та (2012й-124727 та ўринга эга бўлган 741 та )шифохона ҳамда бир сменада қуввати 377679 га тенг бўлган 4099 та амбулатория-поликлиника муассасалари тиббий ёрдам кўрсатди.
Ушбу 665 та стационар муассасалар таркибини 452 та шифохона, шифо ўринларига эга бўлган 124 та диспансер ва 89 та марказлар ташкил этган.
Шу билан бирга, республика аҳолисига 3218 та ҚВП, 17 та мустақил қон қуйиш марказлари ва бўлимлари, 2 та мустақил ва 185 та бошқа муассаса таркибига кирувчи тез тиббий ёрдам станция ва бўлимлари, 15 та Саломатлик ва тиббий статистика институти ва унинг вилоят филиаллари, 15 та суд-тиббий экспертиза бюролари, 15 та патологоанатомик марказлар, 13 та болалар уйлари ва 31та санатория муассасалари хизмат кўрсатиб келмоқда.
Ўтган йилга нисбатан шифохона муассасалари сони 76 тага камайди. Бу асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида»ги ПҚ-3923-сонли ҳамда «Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-700-сонли Қарорлари ижросини таъминлаш натижасидир.

Стационар ёрдам.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш дастурининг асосий вазифаларидан бири, кам қувватли ва самарасиз ишлаётган стационар муассасаларида шифо ўринларини оптималлашдан иборатдир. 2009-2013 йиллар мобайнида республикадаги стационар муассасаларининг сони 780 тадан 665 тагача камайди ( ёки 115 та стационарга).
Шунингдек, охирги 5 йил ичида ўринлар сони 6342 тага камайиб, 2013 йил охирига – 120784 тани ташкил этди.
2013 йилда ўринлар билан таъминланиш кўрсаткичи, аҳолининг ўсиши ҳисобига ҳар 10 000 аҳолига нисбатан 39,9 га тенг бўлиб, 2012йил (41,9) га нисбатан 2,0 га камайди.
Ўринлар билан таъминланиш кўрсаткичининг Сурхондарё (32,6), Тошкент (34,3) вилоятлари, Тошкент шаҳри (34,7), Навоий (35,0) ва Жиззах (35,7)вилоятларида республиканинг ўртача кўрсаткичидан паст эканлиги қайд этилди.
Муассасалардаги шифохона ўринларининг йиллик ўрин иши 2013 йилда 2012 йилга нисбатан (309,6 дан 318,5 гача) 8,9 кунга узайганлиги кузатилди.
Йиллик иш ўринларининг бажарилиши вилоятлар бўйича тахлил қилинганда, Сирдарё вилояти (285,1), Қорақалпоғистон Республикаси (297,7), Тошкент шаҳри(300,5), Самарқанд (306,0) ва Навоий вилоятларида (307,5) ташкил этиб, ушбу кўрсаткичларнинг республика кўрсаткичидан паст эканлиги; Сурхондарё (341,8), Қашқадарё (341,7), Фарғона (334,9), Тошкент(республика муассасалари билан) (332,9) ва Наманган (330,8) вилоятларида эса республика кўрсаткичидан юқори эканлиги кузатилди.
Беморларнинг ўринларда ўртача бўлиши 2013 йилда 7,9 га тенг бўлиб, 2012 йилга (8,1) нисбатан 0,2 га камайган. Ўринлар айланиши эса, ўтган йилга нисбатан йиллик ўринларни ишлашини ўсганлиги ҳисобига 2,3 га кўпайган (2012й-38,2 , 2013й.-40,5) ва ўринларнинг бўш туриши 1,15 гача пасайган, яъни меъёрга деярли яқинлашган.
Беморларнинг ўринларда ўртача бўлиш куни кўрсаткичи Республика бўйича 7,9 га тенг бўлиб, бу кўрсаткич Тошкент вилоятида 9,9 ни, Қорақалпоғистон Республикасида 8,7ни, Сурхондарё вилоятида 8,2 ни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқорилигича қолмоқда.
Шифохоналарда даволаниб чиққанларнинг 4291112 нафарини катта ёшдагилар ва ўсмирлар, 1243118 нафарини эса 0-14 ёшгача бўлган болаларташкил этган. Бу ўтган йилга нисбатан мос равишда 21,9 % ни ташкил этган ва 6,6 %га кўпдир.
Даволаниб чиққанларнинг таркибига кўра биринчи ўринни ҳомиладорлик, туғруқ ва туғруқдан кейинги давр 24,8% (2012й.-27,0%), иккинчи ўринни нафас олиш аъзолари касалликлари – 22,4% (2012 й- 8,2%), учинчи ўринни қон айланиши тизими касалликлари-11,3% (2012й.-13,5%) ташкил этган.
Стационардаги катталар ва ўсмирлар ўртасидаги ўлим кўрсаткичи 2013 йилда 0,3 га тенг бўлиб, 2012 йилга (0,4) нисбатан 0,1 га камайган. Ушбу кўрсаткич Андижон (0,2дан -0,6га), Тошкент (0,5 дан 0,6 га) ва Навоий вилоятларида (0,4 дан 0,5 га) ортганлиги кузатилди.
Болалар ўртасида Республиканинг ўртача стационардаги ўлим кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 0,7 дан 0,6 га камайган. Лекин, ушбу кўрсаткичнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўсганлиги кузатилган.
Андижон, Наманган, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ушбу кўрсаткич бир маромда сақланиб, республика кўрсаткичидан юқори бўлиб қолмоқда.
Стационарларда 2012 йил мобайнида 795155 нафар беморларда операция қилинган бўлиб, 2013 йилда беморлар сони 804811 тани ташкил этган, ўтган йилга нисбатан 9656 нафарга ўсган ва ўтказилган операциялар сони 815374 тани ташкил этган (2012 йил -807209 нафар).
Операциялар ичида биринчи ўринни қорин бўшлиғидаги операциялар (24,9%), иккинчи ўринни аёллар жинсий аъзолари касалликлари (17,5%), учинчи ўринни -акушерлик операциялари(17,1%) ташкил этган.

Амбулатор-поликлиника ёрдами.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан аҳолига кўрсатилаётан тиббий ёрдамни бирламчи амбулатория-поликлиника муассасалари томонидан амалга оширилиши белгилаб берилган.
Ҳозирги кунда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 4099 та муассаса томонидан врачлик амбулатор-поликлиника ёрдами кўрсатиб келинмоқда.
Улардан 223 таси шифохоналардаги, 200 таси диспансерлардаги, 105 таси марказлар қошидаги поликлиника бўлимлари ва 3503 та мустақил амбулатор – поликлиника муассасалари сони ҳамда 68 та стоматологик поликлиникалари ташкил этади. Мустақил амбулатор-поликлиникалари таркибида 266 та поликлиника, кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалардан 10 та болалар поликлиникаларидан, 3218 таси ҚВПлардан ҳамда 9 таси бошқа турдаги поликлиникалардан ташкил топган.
Республика бўйича жами амбулатор-поликлиникаларнинг бир сменадаги қуввати 2013 йилда 377679 ни ташкил этиб, ўтган 2012 йилга (381416) нисбатан 3737 тага камайган.
Унинг 10 000 аҳолига нисбатан кўрсаткичи 124,9 ни (2012 йилда -128,1) ташкил этган.
Ушбу кўрсаткичнинг Сурхондарё-85,4 (2012 й-87,1), Қашқадарё- 92,7 (2012 й-95,7), Самарқанд-100,0 (2012 й-103,4) ва Наманган 106,7 (2012 й-108,2) вилоятларида республика кўрсаткичидан пастлиги қайд этилди.
Жорий йилда аҳолининг амбулатор –поликлиника муассасаларига бўлган қатновлар сони 271018,4 (2012 йилда270083,8) ни ташкил этиб, 2012 йилга нисбатан 934,6 мингга ёки 0,3%га ортган.
Аҳоли сонининг ўсиши ҳисобига аҳоли жон бошига бўлган қатновлар сони ўтган йилга (9,1)нисбатан 0,1 га камайган ва 9,0 ни ташкил этган.Бу кўрсаткич Жиззах вилоятида -7,5 га (2012 й-7,6), Сурхондарё вилоятида – 7,8 га (2012 й-7,6), Қашқадарё вилоятида – 7,9 га (2012 й-8,2) ва Навоийвилоятида-8,0 га (2012 й-8,0) тенг бўлиб, республиканинг ўртача кўрсаткичидан анча пастлиги; Тошкент шаҳрида (12,6), Хоразм (11,8) ва Бухоро (10,3) вилоятларида республика кўрсаткичидан юқори эканлиги кузатилган.
Жами қатновларнинг 58,3 % ини профилактик қатновлар ташкил этган. Тахлиллар ушбу кўрсаткичнинг Хоразм (68,4), Навоий (63,0), Сирдарё (62,5) ва Қашқадарё (62,1) вилоятларида республика кўрсаткичидан юқори эканлигини ва Сурхондарё (49,2), Жиззах (52,6), Фарғона (56,4) вилоятларида эса пастлигини кўрсатди.
Республикамизнинг барча турдаги амбулатория-поликлиника муассасаларининг врачлик лавозимлари 44862 тани ташкил этиб, 31548 та жисмоний шахс томонидан 39846.75 таси банд қилинган. Врачлар билан таъминланиш Республикамизда 88.8% ни, ўриндошлик коэффиценти 1.3 ни ва бўш лавозимлар эса 5015.3 тани ташкил этди.
Айниқса врачлар билан таъминланиш- Сурхондарё-79.5%, Сирдарё-80.7%, Тошкент-83.3% ва Фарғона-87.1% вилоятларида республика кўрсаткичидан пастлиги кузатилди. Шу сабаб, бу вилоятларда врачлар ўртасида ўриндошлик коэффиценти 1.3-1.4 ни ташкил этади ҳамда бўш лавозимлар сони ҳам Тошкент- 666.0, Сурхондарё- 632.0, Фарғона- 624.5га тенг бўлганлиги кузатилди. Шунингдек, қишлоқ худудлари бўйича врачлик лавозимлари 28859.5 тага тенг бўлиб, 18510 та жисмоний шахслар томонидан 23428,25 таси банд қилинган. Врачлар билан таъминланиш 90.6%га, ўриндошлик коэффиценти 1.3га ва бўш лавозилар 2431.25 га тенг бўлди. Айниқса, Тошкент- 443.75, Сирдарё- 148.75, Фарғона- 319.5 ва Сурхондарё-383.0 вилоятларида тенг бўлиб, бўш лавозимларининг 7-18% ларини ташкил этади.
Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий ёрдамнинг асосий мақсади шаҳар аҳолиси каби қишлоқ аҳолисига кўрсатилаётган бирламчи тиббий ёрдамни яқинлаштиришдан иборатдир. Шу мақсадда, қишлоқ жойларида Қишлоқ Врачлик Пунктлари ташкил этилиб, олий маълумотли малакали мутахассислар томонидан ёрдам кўрсатилиши таъминланди. Шу билан бирга ҚВПларда барча врачлик лавозимлари 11655.0 тани ташкил этиб, уни 7728 та жисмоний шахслар томонидан 10370.75 таси банд қилинган. Врачлар билан таъминланиш 89.0% ни ташкил этди. Мазкур кўрсаткичга нисбатан айниқса, Сирдарё-77.3%, Сурхондарё-78.1%, Тошкент-81.1% ва Фарғона-84.2% вилоятларида пастлиги кузатилди. Натижада юқорида қайд этилган вилоятларнинг ҚВПларида врачларнинг бўш лавозимлари борлиги аниқланди. Жумладан Сурхондарё-235.0, Тошкент-227.0 ва Фарғона -222.5 вилоятларида. Жиззах, Сирдарё вилоятларида ўриндошлик коэффиценти 1.6 дан юқорилиги ҳисобига бу вилоятларда бўш лавозимларнинг пастлиги аниқланди.
Охирги йилларда аҳолининг ҚВПларга бўлган қатновлар сони ортиб бормоқда. Яъни, 2009-2013 йиллар мобайнида 68362,4 дан 84580,9 тагача (16218,5) ёки 23,7% га ўсганлиги аниқланди. Қатновлар сонини ортишига сабаб, кейинги йилларда ҚВПларнинг моддий-техника таъминотининг ўсганлиги, умумамалиёт врачларининг малакасини ошганлиги ва йил давомида малакали мутахассислар томонидан Саломатлик ҳафталикларини ўтказилиши натижаси, дейиш мумкин.
ҚВПларига бўлган қатновлар вилоятлар кесимида тахлил қилинганда, 2012-2013 йилларда уларнинг Жиззах (2573500 дан 2558300 тага), Сирдарё(2674200 дан 2566400 тага), Қашқадарё (7219300 тадан 7177100 тага) ва Тошкент (8179500 тадан 7516400 тага) вилоятларида камайганлиги; Самарқанд (10237100 тадан 11104900 тага), Сурхондарё (5912000 тадан 7287300 тага), Хоразм (9232400 тадан 9466600 тага) ва Навоий (2141100 тадан 2249800 тага) вилоятларида ортганлиги кузатилди.
Қишлоқ врачлик пунктларига бириктирилган аҳоли сонига нисбатан жон бошига бўлган қатновлар сони Республика бўйича 4.6га тенг бўлганлиги кузатилди. Мазкур кўрсаткичга нисбатан Жиззах-3.4, Қашқадарё-3.9, Фарғона -3.7, Андижон-4.1, Навоий, Сурхондарё вилоятларида -4.2 га тенг бўлиб камлиги аниқланди.
Демак, юқорида қайд этилган вилоятларда аҳолининг ҚВПларга бўлган қатновларини янада ошириш учун, уларнинг моддий-техника таъминотини ривожлантириш, врачлар малакасини қайта тайёрлаш орқали янада ошириш ҳамда ҳисоб ва ҳисобот шаклларини юритилишини тўлиқ амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Тиббиёт кадрлари.
Бизга маълумки, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати, самарадорлиги тиббий ходимларнинг малака тоифаларига ҳамда муассасанинг тиббий ходимлар билан бутланганлигига боғлиқдир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаолият кўрсатаётган жами врачлар сони ҳисобот йилида 71971 нафарни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2012 йилга (72007 нафар) нисбатан 36 тага камайган.Умумий врачлар сонидан 38203 нафарини ёки 53,1 фоизини аёллар ташкил этган.
Врачлар билан таъминланиш ҳар 10000 аҳолига нисбатан республика бўйича 23,8 ни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич 2012 йилда 24,2 га тенг бўлиб, жорий йилда 0,4 га камайган.
Шу билан бирга, шаҳар аҳолиси учун врачлар билан таъминланиш ҳар 10 000 аҳолига 25,7 ни ва қишлоқ аҳолиси учун 21,8 ни ташкил этди.
Тахлиллар врачлар билан таъминланиш кўрсаткичи Сурхондарё (15,4), Жиззах (15,6), Қашқадарё (17,4), Наманган (18,4), Тошкент (18,5), Сирдарё (19,0) ва Фарғона (19,4) вилоятларида республика кўрсаткичидан паст эканлигини кўрсатди.
Шу билан бирга, врачлик лавозимларининг бандлиги 2013 йилда 90,1 ни ташкил этиб, 2012 йилга (92,3) нисбатан 2,2 га камайган. Бу кўрсаткич айниқса, Республика миқёсидаги муассасаларда (77,2), Сурхондарё (83,7), Сирдарё ва Тошкент вилоятларида (84,5), Тошкент шаҳрида (87,0) сезиларли даражада пастлиги қайд этилган.
Шунингдек, 2012 ва 2013 йиллар таққосланганда, ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 91,9 дан 87,0 га, Андижон вилоятида 98,0 дан 96,8 га, Қорақалпоғистон Республикасида 92,4 дан 89,7 га, Республика миқёсидаги муассасаларда 79,2 дан 77,2 га камайганлиги кузатилган.
Умумий врачлар сонидан 33660 нафари (46,8%) тоифага эга бўлиб, улардан 23122 нафари (68,7%) олий, 7750 нафари (23,0%) биринчи ва 2788 нафари (8,3%) иккинчи тоифага эгадирлар.
Умумий врачлар сонидан тоифага эга бўлганлар Республика миқёсидаги муассасаларда 32,2 фоизни, Самарқанд вилоятида 43,3 фоизни, Бухоро вилоятида 43,4 фоизни, Андижон вилоятида 45,0 фоизни, Қорақалпоғистон Республикасида 45,5 фоизни ташкил этгиб, республика кўрсаткичидан паст бўлганлиги аниқланди.
Ҳисобот йилида малака оширган врачлар сони 16497 нафар (22,9 %) бўлиб, 2012 йилга нисбатан 165 нафарга ортган.
Врачларнинг малака ошириши Тошкент вилоятида 15,1%ни, Хоразм вилоятида 17,5 %ни, Бухоро вилоятида 18,2 %ни ва Навоий вилоятида 18,6 %ни ташкил этиб, бу кўрсаткич республика кўрсаткичидан паст бўлган.
Демак, юқорида қайд этилган вилоятларда врачларнинг ўз устида ишлашлари ва ўз вақтида малака оширишларига етарли эътибор берилмаяпти.
Республика бўйича вазирлик тизимида фаолият кўрсатаётган ўрта тиббиёт ходимлар сони 2013 йилда 313334 нафарни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2012 йилга (310313) нисбатан 3021 нафарга кўпайган.
Аҳолининг ўрта тиббиёт ходимлари билан таъминланиш кўрсаткичи 2013 йилда 103,6 га тенг бўлиб, бу кўрсаткич 2012 йилга (104,2) нисбатан 0,6 га камайган (умумий аҳоли сонининг ўсиши ҳисобига).
Ушбу кўрсаткич Самарқанд вилоятида 81,0 ни, Тошкент шаҳрида 86,2 ни, Жиззах вилоятида 89,5 ни, Андижон вилоятида 90,7 ни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан анча паст бўлган.
Ўрта тиббиёт ходимлари билан таъминланиш Сирдарё вилоятида 143,4 ни, Фарғона вилоятида 121,4 ни, Бухорода 117,7 ни ва Навоийда 113,7 ни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқори бўлган.
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти меъёрларига кўра, врач билан ўрта тиббиёт ходимларининг солиштирмаси 1:6 ни ташкил этиши керак. Лекин бу кўрсаткич республикада 1:4,3 га тенг бўлди. Деярли меъёрларга яқин Қашқадарё (5,9), Навоий (5,8), Жиззах (5,7) ва ундан юқори Фарғона (6,3) ва Сирдарё (7,5) вилоятлари эканлиги қайд этилди.
Аммо, Тошкент шаҳар -2,4, Самарқанд -3,6, Хоразм -3,6 ва Андижон -4,0, Бухоро -4,3 ва Қорақалпоғистон Республикасида -4,4 га тенглиги ажабланарлидир.Чунки, бу ҳудудларда олий тиббий ўқув юртлари мавжуд бўлишига қарамасдан бундай кўрсаткичнинг камлиги таажжубдир.
Ўрта тиббиёт ходимлари ўртасидаги лавозимларнинг бандлиги республика бўйича 98,4 ни ташкил этган ва 2012 йилга (99,0) нисбатан 0,6 га камайган.
Ўрта тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж Тошкент шаҳри (94,5) ва Тошкент вилоятидаги Республика миқёсидаги муассасаларда (92,9) кузатилди.
Ҳисобот йилида ўрта тиббиёт ходимларининг умумий сонидан 45708 нафари (14,6%) ўз малакаларини оширган бўлиб, 2012 йилга (51421 нафарни) нисбатан 5713 нафарга кам бўлган.
Энг кам кўрсаткич Тошкент (7,0%), Қашқадарё (10,5%) ва Самарқанд (11,8%) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (12,2%) қайд этилган.
Бу кўрсаткичлар ўрта тиббиёт ходимларининг ўз малакаларини оширишларига етарли эътибор бермаётганлигидан, натижада уларнинг олдига қўйилган вазифаларни тўлақонли ва сифатли бажарилмаётганлигидан ҳамда уларни қайта тайёрлаш назоратини кучайтириш кераклигидан далолат беради.
Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш.
Республикамизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларининг асосий йўналишларидан бири она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатаётган тиббиёт масканлари салоҳиятини кучайтириш ва ёрдам кўрсатиш сифатини янада оширишдан иборатдир. Ушбу вазифалар Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган 2009 йил 13 апрелдаги «Она ва бола саломатлигини муҳофазалаш, соғлом авлодни шакллантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1096-сонли ҳамда 2009 йил 1 июлдаги «2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1144-сонли Қарорларида қабул қилинган Давлат дастурларининг йўналишлари асосида амалга оширилиб келинмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, 0-14 ёшгача бўлган болалар сони 2013 йилда 8597,5 минг нафарни (2012 й- 8568,9 минг нафарни) ташкил этди.
Оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалаш йўлида республика бўйича 10 та болалар, 125 та оилавий ва 23 та болалар стоматология поликлиникалари, 19 та шаҳар болалар шифохоналари, 26 та болалар юқумли касалликлари шифохоналари, 3 та сил касалликлари шифохоналари, 35 та туғруқ уйлари, 13 та кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, 13 та болалар уйлари,11 та Перинатал ва 13 та Скрининг марказлари ҳамда бошқа муассасалар хизмат кўрсатиб келмоқда.
Демографик кўрсаткичларнинг асосий ютуғи, гўдаклар ўлимининг йилдан-йилга камайиб боришидир. Жумладан, охирги йилларда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича давлатимиз томонидан қабул қилиниб келаётган дастурлар ва уни ижросини бажариш самараси юқоридаги ҳолатни юзага келтирмоқда.
Она ва бола саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларнинг ўтказилиши, жумладан янги замонавий технологияларни тадбиқ этилиши акушер – гинекология ва педиатрия ёрдамлари сифатини оширди ва гўдаклар ўлимини камайтирди.
Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган бир қанча давлат дастурларининг бажарилиши, аёлларга ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатининг ўсиши натижасида кейинги йилларда оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичлари республикамизда сезиларли даражада камайганлиги кузатилди.
Жумладан, 2009 – 2013 йиллар мобайнида гўдаклар ўлими кўрсаткичи 1000 та тирик туғилганларга нисбатан 1,9 га (11,7дан -9,8 гача) , 2013 йилда эса 2012 йилга (10,6) нисбатан 0,8 га камайган.
Бироқ, ушбу кўрсаткич 2013 йилда 2012 йилга нисбатан Тошкент шаҳрида 1,7 га, Тошкент вилоятида 0,8 га, Сурхондарё вилоятида 0,3 га ортганлиги кузатилди.
Шунингдек, гўдаклар ўлими кўрсаткичи 2013 йилда Тошкент шаҳрида 14,5 ни, Қорақалпоғистон Республикасида 11,4 ни, Сирдарё вилоятида 10,1 ни ва Наманган вилоятларида 11,0 ни, Тошкент- 10,3 ва Андижон вилоятларида 12,0 ни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқорилиги кузатилди.
Тахлиллар 2013 йил мобайнида оналар ўлими кўрсаткичи 100 000 тирик туғилганларга нисбатан 20,6 ни ташкил этганлигини ва 2012 йилга (20,2) нисбатан 0,2 га камайганлигини кўрсатди.
Охирги йилларда Давлатимиз томонидан она ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни ўтказилиши натижасида 16 ёшгача бўлган болалар орасидаги ногиронлар сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. Яъни, 2008 йилда 110323 та 16 ёшгача бўлган ногирон болалар қайд этилган бўлса, 2012 йилга келиб бу рақам 81120 тани ташкил қилди ёки 29203 тага камайди (26,5%).

Тез тиббий ёрдам фаолияти бўйича

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 28 ноябрдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ – 1652 сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги 91-сонли Қарорларининг асосий йўналишларидан бири Республикада шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати самарадорлигини ва улар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг тезкорлиги ва сифатини оширишда ушбу соҳада олиб борилаётган ишларни ташкил этишни янада такомиллаштириш, ривожлантиришдан иборат эканлигига алоҳида эътибор қаратилиб, муайян ишлар олиб борилмоқда.
Республикамизда тез тиббий ёрдам соҳасида жами 187 та тез тиббий ёрдам муассасалари бўлиб, улардан 2 таси мустақил тез тиббий ёрдам станциялари ва 185 та бошқа муассаса таркибига кирувчи тез тиббий ёрдам станция (бўлим) ларидир. Улардан 157 таси туман тиббиёт бирлашмаларига қарашли дир.
Кечаю-кундуз ишлайдиган тез тиббий ёрдам бригадаларининг умумий сони 1927 та бўлиб, улардан 1048 таси умумий профиль врачлари, 776 таси фельдшерлар ва 103 таси ихтисослашган бригадалардир.
Тез тиббий ёрдам станция (бўлим)ларига қилинган жами мурожаатлар сони 7411931 та бўлиб, уларнинг 89,9 фоизи, яъни 6665376 таси бажарилган. Қолган 75278 тасини тасдиқланмаган, чақирувларни рад этиш ва натижасиз чақирувлар ташкил этган.
Чақирувдаги мурожаатлар сони ҳар 100 та аҳолига нисбатан тахлил қилинганда Республика бўйича 22,3 ни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич Жиззах (13,4), Хоразм (16,0), Самарқанд (16,6), Қашқадарё (16,7), Бухоро (18,6) ва Сурхондарё (20,4) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси (18,4)да республика кўрсаткичидан пастлиги, Андижон (23,9), Фарғона (25,0), Тошкент (25,1), Навоий (27,6) ва Наманган (28,4) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида 32,2 га тенг бўлиб, республика кўрсаткичидан юқори эканлиги қайд этилган.
Тез тиббий ёрдам станция (бўлим) лари томонидан чақириқларда ва амбулатор мурожаатларда жами 7473015 нафар аҳолига тиббий тез ёрдам кўрсатилган бўлиб, уларнинг 5218112 нафари врачлар томонидан ва 2254903 нафари фельдшерлар томонидан кўрсатилган.
Ёрдам кўрсатилган шахслар ҳар 100 та аҳолига нисбатан олинганда, Республика бўйича 24,7 ни ташкил этиб, бу кўрсаткич Жиззах вилоятида 15,0 ни, Хоразм вилоятида 16,5 ни, Самарқанд вилоятида 16,7 ни, Қашқадарё вилоятида 17,5 ни, Қорақалпоғистон Республикасида 18,8 ни, Бухоро вилоятида 20,8 ни ва Сурхондарё вилоятида 21,2 ни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан паст бўлган. Аксинча, ушбу кўрсаткич Андижон (27,3), Навоий (29,0), Фарғона (29,3) ва Тошкент (30,1) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (31,9), шунингдек , Наманган (34,2), Сирдарё (41,2) вилоятларида республика кўрсаткичидан юқори бўлганлиги кузатилган.
Чақирувларда ёрдам кўрсатилган шахслар сони эса 6801738 нафарни ташкил этиб, уларнинг 4541742 нафарига умумий профиль врачлари, 1948337 нафарига фельдшерларва 311659 нафарига ихтисослашган бригадалар томонидан ёрдам кўрсатилган.
Ёрдам кўрсатилган шахсларнинг 205121 нафарини ўсмирлар, 995162 нафарини болалар ташкил этган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 28 ноябрдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-1652-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги 91-сонли Қарорларининг асосий йўналишларидан бири, врачлар бригадалари томонидан аҳолига 100% тез тиббий ёрдам кўрсатилишига эришишга, бригада таркибини 85 фоизини умумий профил врачлари ва қолган 15 фоизини эса ихтисослашган врачлар ташкил этишига эришмоғимиз лозим, лекин ҳозирги кунда бригадаларни тақсимланишида врачларни етишмаслиги ҳисобига фельдшер бригадалари томонидан ҳам аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Фельдшерлар томонидан чақириқларда ёрдам кўрсатиш улуши республика бўйича 28,6 % ни ташкил этган.
Бу кўрсаткич Сирдарё (78,3%), Тошкент (70,4%), Сурхондарё (34,0%), Навоий (32,4) ва Фарғона (31,8%) вилоятларида республика кўрсаткичидан юқори бўлиб, чақириқларда ёрдам кўрсатиш асосан фельдшерлар ҳисобига бажарилганлиги қайд этилган.
Чақирувларда тиббий ёрдам кўрсатилган шахслардан 3190497 нафарини қишлоқ аҳолиси ташкил этган.
Тез тиббий ёрдам станция (бўлим)ларига мурожаат этганлардан 57862 нафарига ЭКГ қилинган ва 35947 нафарига реанимация чоралари ўтказилган бўлиб, улардан 33930 нафарида (94,4%) ўтказилган реанимация чоралари самарали бўлган.
Шошилинч кўрсатма билан шифохонага олиб борилганлар 866896 нафарни ташкил этиб, улардан 739730 нафари (85,3%)шифохоналарга ётқизилган. Шифохоналарга ётқизилганларнинг 299439 нафарини аёллар, 38709 нафарини ўсмирлар, 163545 нафарини болалар ва 346356 нафарини қишлоқ аҳолиситашкил этган.
Амбулатор ёрдам кўрсатилган шахслар сони 671277 нафар бўлиб, улардан 35449 нафарини ўсмирлар, 124024 нафарини болалар, 425279 нафарини қишлоқ аҳолиси ташкил этган.
Республика бўйича тез тиббий ёрдам станция ва бўлимларини дори-дармон билан таъминланиши ўртача 70,9 %ни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич Андижон вилоятида 60,5% ни, Фарғона вилоятида 64,2 % ни, Сурхондарё вилоятида 68,0 % ни ва Жиззах вилоятида 69,2 % ни ташкил этган.
Қишлоқ аҳолисига тиббий ёрдам.
2013 йил маълумотларига кўра, умумий аҳоли сони 30241100 нафар бўлиб, шундан 14779,6 (48,9%) нафарини қишлоқ аҳолиси ташкил этади.
Ушбу қишлоқ аҳолисига 157 та туман тиббиёт бирлашмалари, 30 та туман шифохоналари, 23 та қишлоқ участка шифохоналари ҳамда 3218 та қишлоқ врачлик пунктлари ва 315 та унинг филиаллари ҳамда бошқа муассасалар тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
У ерда фаолият кўрсатаётган врачлар сони 32192 тага тенг бўлиб, жами врачларнинг 44,7%ини ташкил этади. Шундан 14419 таси (44,8%) малака тоифасига эга бўлиб, ундан 9755 таси (67,7%) олий, 3846 таси (26,7%) биринчи ва 818 аси эса (5,6%) иккинчи тоифага эгадир.
Ўрта тиббиёт ходимлари ичида 202202 таси ёки 64,5% қишлоқ аҳолисига ёрдам кўрсатади. Ўрта тиббиёт ходимларининг 27,6 % и (55847) малака тоифасига эга бўлиб, улардан 33013нафарини (59,1%) олий, 14872нафарини (26,6%) биринчи ва 7962 нафарини (14,3%) иккинчи тоифалилар ташкил этади.
Қишлоқ аҳолисига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш мақсадида, у ердаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник таъминоти йилдан – йилга яхшиланиб бормоқда.
Қишлоқ аҳолиси учун ажратилган умумий шифохона ўринлари сони 55562 тани ташкил этади. У ерда даволанган беморлар сони 2495036 нафарни ташкил этиб, 2012 йилга нисбатан 45000 нафарга кўп бўлган.
Жорий йилда шифо ўринлари иши ўтган йилги (305,8) дан 11,8 кунга ортиб, 317,6 га тенг бўлган.
Ушбу кўрсаткич Сирдарё (254,9), Қорақалпоғистон Республикаси (292,1), Самарқанд (296,6) ва Тошкент вилояти (305,7)да республика кўрсаткичидан анча пастлиги кузатилди.
Аксинча, Қашқадарё (347,4), Наманган (338,1), Фарғона (335,7) ва Навоий (327,3) вилоятларида ўринлардан тўлиқ фойдаланишга эришилган.
Қишлоқ аҳолисига юқори малакали тиббий хизматни ошириш ва врачлик ёрдамини яқинлаштириш мақсадида, жорий йилда қўшимча 27 та ҚВП лари ташкил этилди ва жами ҚВП лари сони 3218 тани ташкил этди.
Уларга бўлган қатновлар сони 84580,9 мингтани ташкил этиб, ўтган йилга (84106,1 минг) нисбатан 2474,8 мингга ўсди.
Қишлоқ ҳудудларида жойлашган амбулатор –поликлиника муассасаларига бўлган умумий қатновлар сони 2013 йилда 123160,3 тани ташкил этган, бу кўрсаткич 2012 йилга ( 123293,4) нисбатан 133,1 мингга камайган.
Умумий қатновлар сонининг 2012 йилга нисбатан Хоразм (1682,3 мингга), Тошкент (1678,3 мингга), Наманган (1527,6 мингга) ва Навоий (266,9 мингга)вилоятларида камайганлиги кузатилган.
Қишлоқ аҳолиси сонининг ўсиши ҳисобига аҳоли жон бошига бўлган қатновлар сони республика бўйича 8,5 дан 8,3 га камайган. Буни Навоий (6,6), Самарқанд (6,8), Қорақалпоғистон Республикаси (6,8), Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида (7,4) кўриш мумкин.
Сурхондарё (11,0), Хоразм (9,5) ва Бухоро (9,2) вилоятларида бу кўрсаткич республика кўрсаткичидан юқоридир.

Йиллик статистик ҳисоботларни ҳаққонийлигини
текшириш натижалари

Соғлиқни сақлаш тизимидаги бирламчи тиббий санитария ёрдами кўрсатувчи муассасалар фаолияти ва 2013 йиллик Давлат ва тармоқ статистик ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини ўрганиш ҳамда амалий-услубий ёрдам кўрсатиш, шунингдек навбатдаги Ҳайъат йиғилишига маълумот тайёрлаш мақсадида, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 йил 23 апрелдаги 569-сонли Фармойиши асосида 24-30 апрел кунлари Тошкент вилояти, 1-8 май кунлари Тошкент шаҳри, Саломатлик ва тиббий статистика институтининг 2014 йил 11 апрелдаги 63 ва 64 -сонли буйруқларига асосан 14-19 апрел кунлари Жиззах ва Сурхондарё вилоятларига институт ходимлари хизмат сафарига юборилди.
Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, юқорида қайд этилган вилоятларнинг Саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиаллари фаолиятларида вилоят Бош мутахассисларининг ўзаро ҳамкорлиги етарли даражада ташкил этилмаганлиги кузатилди. Бу ҳолат шаҳар (туман) тиббиёт бирлашмалари ташкилий-услубий бўлимларида ҳам кузатилди. Текширув жараёнида қуйдагилар аниқланди:
Фаолияти ўрганилган вилоятларнинг аксарият даволаш-профилактика муассасаларида, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2006 йил 26 июндаги 287-сонли буйруғи билан тасдиқланган тиббий-ҳисоб ҳужжатлар асосида юритилиши тўлиқ таъминланмаган. Шунингдек, шифохонадан чиқариш (066/х) тўғрисидаги картасида беморларнинг тўлиқ ташхиси 10-ХКТ асосида тўлиқ тўлдирилмаётганлиги аниқланди.Амбулатория-поликлиника муассасаларида юритиладиган бирламчи тиббий ҳисоб ҳужжатлари (025/ҳ-, 039/ҳ- шакллари, статталон) стандарт бланкаларда ва хаттоки қоғоз шаклларда тўғри юритилмаётгани аниқланди.
Фаолияти ўрганилган туман поликлиникаларининг айрим врачлари стат талон (025-2/ҳ)ларга қачон «+» ёки «–» белгилари қўйиш кераклиги тўғрисида тўлиқ тушунчага эга эмаслар. Амбулатор карталарнинг айримларида якуний ташхисларни қўйиш варағи тўлиқ олиб борилмаган. Шунингдек, поликлиникаларда профилактик ва диспансер кўригидан ўтиши лозим бўлган шахсларнинг профилактик ва диспансер кўрикдан ўтиши охирига етказилмаган.Врачлик Назорат Ҳайъати (ВКК) хулосаси ёзилмаган, даволаш ва соғломлаштириш режалари тузилмаган, касаллиги аниқланган беморлар ўз вақтида “Д” назоратига олинмаган. “Д” назоратига олинган беморларни кузатуви эса талаб даражасида йўлга қўйилмаган ва уларни назоратга олиш бош мутахассислар томонидан суст амалга оширилган.

Хотима ва хулосалар

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, 2013 йил статистик маълумотлар бўйича ўтказилган тахлиллар, соғлиқни сақлаш тизимидаги ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда, республика аҳолисига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш учун маълум ишларни амалга оширишни талаб этади.
Жумладан, Ҳукуматимиз томонидан Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган барча давлат дастурлари асосида тизим муассасалари фаолиятини янада фаоллаштириш, яъни бирламчи тиббий санитария ёрдамини янада ривожлантириш, Соғлиқни сақлаш тармоғини қайтадан кўриб чиқиш ва ўринлар фондидан фойдаланиш самарадорлигини оширишдан иборатдир.
Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш тизимида статистик маълумотларнинг ҳаққонийлигига эришиш, кўрсаткичларнинг электрон базасини ташкил этиш, бунда Давлат статистика қўмитаси томонидан яратилган Е-stat -2.0 дастуридан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, ташкилий-услубий бўлим (хона)ларини юқори малакали тиббиёт ходимлари, замонавий оргтехника воситалари, керакли жиҳозлар билан таъминлаган ҳолда, моддий ва маънавий рағбатлантириш чораларини кўриш мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Видеоселектор йиғилиши
ҚАРОРИ

2014 йил ______________ №______ Тошкент шаҳри

«Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг
саломатлик ҳолати ваСоғлиқни сақлаш
вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика
муассасаларининг2013йилдаги иш
фаолиятларининг тахлили тўғрисида»
(йиллик ҳисоботлар асосида)

Ўзбекистон Республикасида охирги йилларда аҳолининг табиий ўсиши натижасида аҳоли сони йилдан-йилга ўсиб бориши кузатилмоқда. Республикамизнинг дастлабки ўртача аҳоли сони 2013 йилда 30241,1 минг кишига тенг бўлди. Аҳолининг ўсиши барча вилоятлар учун характерлидир, лекин унинг ўсиши турличадир. Ўзбекистонда 2009-2013 йиллар мобайнида аҳоли сони деярли ўртача 9% гача ўсди. Аҳолининг ўсиши Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида 10% дан 11,2% гача, қолган вилоятларда 5,5 % дан 8,9% гача оралиғида ўсди.
Аҳолининг таркибий кўриниши йилдан-йилга ўзгариб бормоқда. 2009-2013 йиллар мобайнида аҳоли таркибидаги болалар сонининг 2,9 фоизга ўсиши кузатилди (2009 й – 8358,0; 2013й- 8597,5). Ўсмирлар сони эса 2009 йилдан (1973,1) 2013 йилга қадар 3,8 фоизга камайди. Катталар сони 2009 йилдан (17291,9) 2013 йилга (19746,4) қадар 14,2 фоизга ортди. Юқорида келтирилган маълумотлар аҳолининг таркиби прогрессив кўринишда ўсаётганлигидан далолат беради. Аҳолининг ўртача ёши 27,5 ёш бўлиб, шаҳарларда – 28,8 га, қишлоқларда эса 26,2 га тенг бўлди.
Умумий аҳоли сонининг 48,9 фоизини (14779,6) қишлоқ аҳолиси, қолган 51,1 фоизини (15461,5) шаҳар аҳолиси ташкил этади.
Умумий аҳолининг 49,9 фоизини (15101,6) аёллар, қолган 50,1 фоизини (15139,5) эркаклар ташкил этади.
Аҳоли ёш таркиби ўзгаришини туғилиш кўрсаткичининг ўзгаришига боғлаш мумкин. Охирги 5 йил мобайнида туғилиш кўрсаткичи 23,6 дан (2008 й.) 21,0 гача (2012 й) камайган бўлиб, 2013 йилда 22,5 га ортганлиги кузатилди.
Республикамизда Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири – она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга хизмат кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг салоҳиятини кучайтириш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада оширишдан иборатдир.
Давлатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳолатнинг барқарорлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 13 апрелдаги ПҚ 1096-сонли ва 2009 йил 1 июндаги ПҚ 1144-сонли қарорларининг ўтган даврлар мобайнида изчил ва тизимли равишда ижросини таъминлаш натижасида 2013 йилга қадар туғилиш сонининг камайишига эришилди. 2013 йилда эса бу кўрсаткичнинг жами вилоятлар бўйича ўсганлиги ва республика кўрсаткичининг 21,0 дан 22,5 га ортганлиги қайд этилди.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, туғилиш кўрсаткичи Қашқадарё вилоятида 25,1 ни, Сурхондарё вилоятида 24,7 ни, Самарқанд вилоятида 24,8 ни, Андижон вилоятида 23,1 ни ташкил этиб, бу республика кўрсаткичида юқори эканлигини кўриш мумкин.
Аҳоли ёш таркиби улушини кўпроқ қисмини болалар ва ўсмирлар ташкил этганлиги ҳамда ўртача аҳоли ёши 27,5 бўлганли боис, республикада умумий ўлим кўрсаткичи унча юқори эмас.
Жорий йилда республикада ҳар 1000 аҳолига умумий ўлим кўрсаткичи 4,8 га тенг бўлиб, 2012 йилга (4,9) нисбатан 2,1% га камайганлиги ва бу кўрсаткични республиканинг барча вилоятларида қайд этилганлиги кузатилди.
Республикада туғилиш кўрсаткичининг умумий ўлим кўрсаткичидан ортиқлиги натижасида табиий ўсиш кўрсаткичи ҳар 1000 аҳолига нисбатан 17,7 га тенг бўлди (2012й. – 16,1). Табиий ўсиш кўрсаткичининг 2009 йилдан (18,6) 2012 йилгача (16,1) камайиши, 2013 йилда эса ушбу кўрсаткичнинг 17,7 ни ташкил этганлиги кузатилди.
Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган бир қанча давлат дастурларининг бажарилиши, аёлларга ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатининг ўсиши натижасида кейинги йилларда оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичлари республикамизда сезиларли даражада камайганлиги кузатилди.
Жумладан, 2009 – 2013 йиллар мобайнида гўдаклар ўлими кўрсаткичи 1,9 га (11,7дан -9,8 гача) камайди. 2013 йилда бу кўрсаткич 1000 та тирик туғилганларга нисбатан 9,8 га тенг бўлди (2012 й. – 10,6).
Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 14,5 ни, Қорақалпоғистон Республикасида 11,4 ни, Сирдарё вилоятида 10,1 ни, Андижон ва Сирдарё вилоятларида 12,0 ва 10,1 ни ташкил этиб, ушбу кўрсаткичнинг республика кўрсаткичидан юқори эканлиги кузатилди.
Гўдаклар ўлими кўрсаткичи (1000 та тирик туғилган чақалоқларга нисбатан) 2009-2013 йилларда Навоий, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида республика кўрсаткичидан анча пастлиги аниқланди.
Оналар ўлими кўрсаткичи 100 000 тирик туғилганларга нисбатан 2013 йилда 20,0 ни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2012 йил (20,2) га нисбатан 0,2 га камайганлиги қайд этилди.
Жорий йилда умумий врачлар сони (тиш врачларисиз) 71971 нафарни ёки 10 000 аҳолига нисбатан 23,8 ни (2012 й. – 72007 ёки 24,2), ўрта тиббиёт ходимлари эса 313334 ёки 103,6 ни (2012 й. – 310313 ёки 104,2 ни) ташкил этди.
Ҳозирги кунда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 4099 муассаса томонидан врачлик амбулатор-поликлиника ёрдами кўрсатиб келинмоқда.
Улардан 223 таси шифохоналардаги, 200 таси диспансерлардаги, 105 таси марказлар қошидаги поликлиника бўлимларидир.
Шунингдек, мустақил амбулатор – поликлиника муассасалари сони 3503 тани, стоматологик поликлиникалар сони 68 тани ташкил этган. Мустақил амбулатор-поликлиникаларнинг 266 таси катталар, кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар, 10 таси болалар поликлиникалари, 3218 таси ҚВПларидир.
Жорий йилда аҳолининг амбулатор –поликлиника муассасаларига бўлган қатновлар сони 271018,4 (2012 йилда 270083,8) ни ташкил этиб, 2012 йилга нисбатан 934,6 мингга ёки 0,3%га ортган.
Аҳоли сонини ўсиши ҳисобига аҳоли жон бошига бўлган қатновлар сони ўтган йилга (9,1)нисбатан 0,1 га камайган ва 9,0 ни ташкил этган. Амбулатор-поликлиника муассасаларига аҳолига жон бошига нисбатан қатновлар Жиззах-7,5 (2012 й-7,6), Сурхондарё 7,8 (2012 й-7,6), Қашқадарё 7,9 (2012 й-8,2) ва Навоий 8,0 (2012 й-8,0) га тенг бўлиб, республиканинг ўртача кўрсаткичидан анча пастдир.
Тошкент шаҳрида (12,6), Хоразм (11,8) ва Бухоро (10,3) вилоятларида ушбу кўрсаткич республика кўрсаткичидан юқори бўлган.
Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий ёрдамнинг асосий мақсади шаҳар аҳолиси каби қишлоқ аҳолисига кўрсатилаётган бирламчи тиббий ёрдамни яқинлаштиришдан иборат. Ана шу мақсадда қишлоқ жойларда Қишлоқ Врачлик Пунктлари ташкил этилиб, олий маълумотли малакали мутахассислар томонидан ёрдам кўрсатилиши таъминланди.
Охирги йилларда аҳолининг ҚВПларга бўлган қатновлар сони ортиб бормоқда. Яъни, 2009-2013 йиллар мобайнида 68362,4 дан 84580,9 тагача (16218,5) ёки 23,7% га ўсганлиги аниқланди.
ҚВПларига бўлган қатновлар вилоятлар кесимида тахлил қилинганда, 2012-2013 йилларда Жиззах (2573500 дан 2558300 тага), Сирдарё (2674200 дан 2566400 тага), Қашқадарё (7219300 тадан 7177100 тага) ва Тошкент (8179500 тадан 7516400 тага) вилоятларида камайганлиги; Самарқанд (10237100 тадан 11104900 тага), Сурхондарё (5912000 тадан 7287300 тага), Хоразм (9232400 тадан 9466600 тага) ва Навоий (2141100 тадан 2249800 тага) вилоятларидаортганлиги кузатилди.
Жумладан, 2000 йилда ҚВПларда фақатгина 72,9 % ини умумий амалиёт врачлари ташкил қилган бўлса, 2014 йилнинг январь ҳолатига врачларнинг салмоғи 18,8% ўсганлиги кузатилди. Натижада уларга бўлган қатновлар сони 2009-2013 йиллар мобайнида 68,4 млн қатновдан 84,6 млн қатновга ёки деярли 23%дан зиёд ўсганлиги аниқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишига маълумот тўплаш мақсадида соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 йил 23 апрелдаги 569-сонли Фармойиши асосида 24-30 апрель кунлари Тошкент вилояти, 1-8 май кунлари Тошкент шаҳри ва Саломатлик ва тиббий статистика институтининг 2014 йил 11 апрелдаги 63 ва 64-сонли буйруқларига асосан Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари даволаш-профилактика муассасаларининг фаолияти, тиббий статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги ҳамда тиббий ҳисоб хужжатларнинг юритилиши ҳолати ўрганилди ва амалий ёрдам кўрсатиб келинди.
Юқоридагиларни муҳокама қилиб ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳайъати Саломатлик ва тиббий статистика институти директори З.Д. Муталованинг «ЎзбекистонРеспубликаси аҳолисининг саломатлик ҳолати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг 2013 йилдаги иш фаолиятларининг тахлили тўғрисида»ги ахборотини тинглаб,

Қарор қилади:
1. «Республика аҳолисининг саломатлик ҳолати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг 2013 йилдаги иш фаолиятларини тахлили» (йиллик статистик ҳисоботлар асосида) маълумотномаси ахборот ва маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар ССББ ва вилоятлар ССБ бошлиқларига:
2.1. Жойларда бир ой муддат ичида аҳолининг саломатлик ҳолати ва тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларининг 2013 йилдаги иш фаолиятлари бўйича (йиллик статистик ҳисоботлар асосида) тахлилий маълумотномалар бош мутахассислар билан биргаликда тайёрлансин ва шаҳар (туман)лар кесимида Ҳайъат йиғилишлари ўтказилсин.
2.2. Қабул қилинган қарорлар ҳамда фаолият тўғрисидаги маълумотномалар йиғилиб, жорий йилнинг 1 августига қадар Саломатлик ва тиббий статистика институтига тақдим этилсин.
2.3. Йил давомида даволаш кенгаш йиғилиши кун тартибига ҳар бир соҳа тиббий статистика йўналишлари бўйича бош мутахассислар билан биргаликда амалга оширилаётган ишлар тахлили киритилсин ва ҳар чоракда муҳокама қилиб борилсин.
2.4. Вилоят бош мутахассисларининг Саломатлик ва тиббий статистика институти филиаллари ходимлари билан ҳамкорлиги таъминлансин ва вилоят аҳолиси саломатлиги кўрсаткичлари асосида ҳудудий тахлилий маълумотлар тайёрлансин.
2.5. Тиббий статистика хизматида юритилаётган тиббий ҳисоб хужжатлар ва ҳисоботлари ҳолати бўйича мунтазам назорат кучайтирилсин.
2.6. Бош мутахассислар ва тиббиёт муассасалари раҳбарларининг ҳар бир соҳа бўйича тиббий статистика ҳисоботларининг ҳаққонийлигига ва тиббий муассасаларнинг ҳар бир статистик маълумотига масъул эканлиги қайта таъкидлаб ўтилсин.
2.7. Шаҳар (туман) ташкилий-услубий бўлим (хона)лари малакали тиббий ходимлар, айниқса врачлар билан таъминлансин.
2.8. Бажарилган ишлар юзасидан тайёрланган ёзма маълумотнома жорий йилнинг 1 сентябригача Саломатлик ва тиббий статистика институтига тақдим этилсин.
3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармаси бошлиғи Д.Б.Миразимовга:
3.1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2006 йил 26 июндаги 287-сонли буйруғини барча соҳа стандартларига мослаштирилган лойиҳаси йил охиригача ишаб чиқилсин ва тақдим этилсин.
4. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори М.М.Собиров, Ўрта тиббий ходимлар ва фармацевтларни малакасини ошириш маркази директори Н.Н.Мурадовларга:
4.1. Барча соҳа шифокорларини ўқитиш циклларига тиббий статистик ҳисоб ва ҳисоботларини юритиш бўйича ўқув машғулотлари соатлари киритилсин.
5. Саломатлик ва тиббий статистика институти директори З.Д.Муталовага:
5.1. Тиббий статистика хизмати фаолияти назорати кучайтирилсин.
5.2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча даволаш-профилактика муассасаларида юритилаётган тиббий ҳисоб хужжатларнинг ҳолати ва ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш ҳамда уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мунтазам равишда амалга оширилсин.
5.3. Тизимда Давлат статистика қўмитаси томонидан яратилган Е-stat-2.0 лойиҳаси бўйича тиббий ҳисоботларни олиб боришни жорий этиш таъминлансин.
Ушбу Ҳайъат йиғилиши қарорининг бажарилишини назоратини ўз зиммамда қолдираман.

Раис А.В. Алимов

Котиба Д.Н. Комилова

Документ для скачивания: DOC Коллегияга 2014 йил  160 KBt

Поделиться в соц. сетях

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Buzz
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Просмотров: 3 852 | На печать На печать

Комментариев нет

Отправить комментарий

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech