1493039916_4

Озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш хавфидан эҳтиёт бўлинг! “Ботулизм” касаллиги ҳақида биласизми!

Инсон саломатлигини сақлаш ва уни мухофаза қилиш ҳар қандай шароитда муҳимдир. Шу сабабли ҳам, саломатлигимизни сақлаш ҳамда келаётган янги йилни кўнгилдагидек кутиб олиш учун, байрам дастурхонига қўйиладиган маҳсулотларнинг сифатига ва озиқ-овқатларни тайёрлаш жараёнига аҳамият бериш мақсадга мувофиқ. Санитария–гигиена меъёрий қоидаларига амал қилинмай тайёрланган,  нотўғри сақланган, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш аҳоли ўртасида овқатдан захарланиш каби ҳолатларга олиб келади.  Овқатдан захарланиш туфайли юзага келадиган ва ўз вақтида даволанмаса, нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган  касалликлардан бири- Ботулизм  касаллигидир.

Ботулизм – лотинча  “botulus” – “колбаса” сўзидан олинган бўлиб,            дастлаб, колбасали овқат истеъмол қилган одамларда қайд қилинган. Ботулизм касаллигининг микроби овқатдан захарланишнинг энг оғир турини келтириб чиқаради. Бу микроб озиқ–овқат маҳсулотларида кислородсиз муҳитда кўпаяди.

Ботулизм қўзғатувчилари табиатда кенг тарқалган бўлиб, унинг чидамли (спорали) ва чидамсиз (вегетатив) турлари учрайди. Ботулизм касаллигининг споралари 5 соат қайнатилганда ҳам ҳалок бўлмайди. Бу касаллик қўзғатувчиси ташқи  муҳит омилларига, юқори ва паст ҳароратга, ёруғликка чидамли ҳисобланиб, ташқи муҳитда йиллар давомида сақланиши мумкин.  Ботулизм касаллигининг қўзғатувчиси споранинг ичида кислородсиз муҳитда 100 йилдан ортиқ муддатгача сақланиши олимлар томонидан аниқланган. Қачонки ботулизм касаллигини  қўзғатувчиси ўзига қулай шароит туғулганда яъни лаҳм гўшт ва колбаса маҳсулотларининг орасига, шунингдек, уй шароитида  санитария–гигиена меъёрий қоидалари талабларига тўлиқ риоя қилинмасдан тайёрлангантузланган бодринг, помидори консерва банкалари ичига тушганда ботулизм  микроби қобиқдан чиқади ва ёпиқ консерва банкалари ичида ривожланиб, кучли захар – токсин ишлаб чиқаради.

Ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиниши оқибатида ботулизм касаллигининг қўзғатувчиси  одам организмига тушади, ривожланади ва инсон ҳаёти учун хавфли бўлган оқибатларга олиб келади.

Ботулин микробининг спораси  фақат автоклавда юқори босим остида, парчаланади ва  ҳалок бўлади. Шу сабабли, махсус завод ва цехларда санитария–гигиена меъёрий қоидаларига амал қилинган ҳолатда 120 градус ҳароратда тайёрланган гўшт, балиқ, мева, сабзавот, озиқ–овқат маҳсулотларининг  консервалари   хавфсиз ҳисобланади.

Касалликнинг ривожланиши. Захарланиш ҳолатлари аксарият холларда, термик ишлов бериш қоидаларига амал қилмай, уй шароитида тайёрланган помидор, бодринг, карам, бақлажон, булғор гармдориси, мева, қўзиқорин консерваларини ҳамда колбаса, ҳасип, қази, балиқ, дудланган маҳсулотларни истеъмол қилган одамларда  кузатилади. Ботулизм касаллигини келтириб чиқариши мумкин бўлган консерва маҳсулотларининг ташқи кўринишидан, таъми ва ҳидидан  сифатлисидан фарқлаш қийин.

Ботулизм микроби билан захарланган маҳсулотни одам ҳатто оғизга солиб, ютмаса ҳам касаллик келиб чиқиши мумкин. Унинг озгинаси ҳам касаллик пайдо қилиши  ҳатто  инсон ҳаётига хавф солиши мумкин.

Ботулизм микроби одам организмига тушганидан кейин дастлаб яширин тарзда кечади. Ботулизм микробининг  захарлари (токсинлари) овқат билан организмга тушиб касаллик белгиларини пайдо қилгунча ўтадиган давр (яширин даври) бир неча соат яъни  ўртача 18-24 соатдан  2-5 кунгача,  баъзан   8 – 10 кунгача  давом этиши мумкин. Ботулизм токсинлари овқат билан ошқозонга тушганида, ботулотоксин (ботулизм заҳарлари) ошқозон ширасида парчаланмайди, ошқозон ва ингичка ичакнинг шиллиқ қаватлари орқали тезгина сўрилиб, қон оқимига ўтади ва бутун организмга тарқалади.

Касалликнинг яширин даврининг чўзилиши ҳамда касалликнинг кечиши одам организмига тушган микробнинг миқдорига ва одамнинг иммунитетига (касалликка қарши курашиш ҳолатига) боғлиқ бўлади. Иммунитети паст бўлган одамларда, ҳамда кўп миқдорда микроблар организмга тушган ҳолатларда касалликнинг яширин даври қисқа бўлиб, касаллик тез ривожланади  ва  ноҳуш  ҳолатларга сабаб бўлади.

Касалликнинг белгилари.  Касаллик  асаб, ошқозон-ичак тизими ва умумий захарланиш белгиларининг юзага келиши билан  намаён бўлади.

Одатда, касаллик тўсатдан, ошқозон-ичак тизимининг зарарланиш белгилари  билан  бошланиб, беморнинг кўнгли айнийди, қайт қилади,  баъзан  меъдада  оғриқ сезади,  ич кетади. Қайт қилиш ва ич кетиши касалликнинг  илк даврида бир ёки икки маротаба кузатилади ва узоқ давом этмайди.Кейинчалик  қорин дам бўлиши кузатилади. Кўпинча беморни  қабзият  безовта  қилади.

Ботулизм захари (токсини) бош мия асаб талоларини  шикастлайди, натижада ҳалқум, юзни ҳаракатлантирувчи мускулларда фалажлик пайдо бўлади, юрак  нервлари шикастланади.

Кўзни ҳаракатга келтирувчи нерв фаолияти бузилиши натижасида беморнинг устки қовоғи салқийди, яъни анча паст тушади. Беморнинг юзи, тили бир томонга тортиб кетади. Бунда бемор кўзининг хиралашиб қолаётганидан, кўзи олдида туман ёки тўр пайдо бўлаётганидан шикоят қилади. Буюмлар қўшалоқ бўлиб кўринади, беморларда ғилайлик, кўз қорачиғининг кенгайиши каби белгилар кузатилади. Бемор ўқиганда қийналади, ёзув қаторлари ва ҳарфларнинг сакраб кетишидан  шикоят қилади. Кейин юмшоқ танглай, ҳалқум фалажланади, натижада, ютиш, чайнаш ҳаракати бузилади.Беморнинг оғзи қурийди, овози бўғиқлашади ва гапиришга қийналади.

Шунингдек, беморларни бош оғриғи, ҳолсизлик безовта қилади. Беморларда энса мушакларининг бўшашиши оқибатида бошини тик тутиб туролмаслик ҳолати кузатилади, ҳамда юз, бўйин, елка, қўл ва оёқ мушакларининг  симметрик  тарзда  фалажланиши  юзага келади.

Бошқа овқатдан захарланишдан фарқли равишда, ботулизм касаллигида тана ҳароратининг (температураси) меъёрида ёки паст бўлиши, томирнинг тез-тез уриши касалликнинг ўзига хос белгиси хисобланади. Қовурғалараро мушакларнинг  бўшашиши  оқибатида  нафас олиш юзаки бўлиб,  нафас олиши  қийинлашади.

Касалликнинг кечишига кўра енгил, ўртача оғир ва оғир даражалари фарқланади. Касаллик енгил кечганда 2-3 хафтада, оғир кечганда 2-3 ой давом этади. Ботулизм касаллиги билан оғриган беморларнинг 60-70 фоизида ўлим ҳолатлари  кузатилиши аниқланган. Ботулизмнинг кўп учрайдиган асоратларига ўпка яллиғланиши (зотилжам), йирингли  трахит ва бронхит киради. Ботулизм касаллиги  ўткир нафас етишмовчилигига олиб келиши ва одам  нафас  етишмовчилиги  туфайли  вафот этиши мумкин.

Шу сабабли ботулизм касаллигидан эҳтиёт бўлиш керак. Ботулизм касаллигининг мавжудлигигумон қилинган беморлар албатта касалхонага ётқизилиши зарур. Овқатдан захарланишнинг илк белгилари пайдо бўлганда (кўнгил айниш, қайд қилиш, ич кетиш) тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш лозим. Тез тиббий ёрдам келгунига қадар беморга кўп миқдорда суюқлик ичириш ва қайд қилдириш тавсия этилади. Бу эса ошқозон–ичак йўлидан микробларнинг  сўрилишини ва  захарли  таъсирини бир мунча пасайтиради.

Даволаш усули махсус бўлиб, шифохоналарда олиб борилади. Албатта, касалликнинг клиник белгилари ва оғирлик даражасига қараб даволаш тартибини шифокор белгилайди. Бунда ошқозон ичак йўлларидаги сўрилмаган токсинларнинг сўрилишини олдини олиш ва организмдан чиқариб юбориш,  организмда сув-туз мувозанатини сақлаш, модда алмашинувини яхшилаш ва иккиламчи инфекциянинг олдини олиш чоралари кўрилади  ҳамда  ботулизм захари (токсини)га қарши зардоб юборилади.

Консерваланган маҳсулотларни истеъмол қилганда ўзингизда ҳолсизланиш, сўзлашув қийинлашиши, кўриш қобилияти бузилиши, нафас олиш қийинлашуви, ҳаракатланишда ўзгаришлар, юрак қон–томир тизимидаги бузилишлар каби касаллик белгиларини сезсангиз дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

 Касалликнинг профилактикаси.

Савдо дўконлари, бозорларда ва кўчаларда сотилаётган, маҳсулотларнинг махсус мувофиқлик сертификати борлигига, банка юзида этикеткаси ва қопқоғида маркировкасига, қопқоғи шишиб турган-турмаганлигига, рангига, маҳсулотнинг ҳидига аҳамият бериш керак. Идиш қопқоғида шиш ҳосил бўлганлигига алоҳида эътибор қаратиш зарур, чунки консервалар  қопқоғи газ йиғилиши натижасида кўтарилиб қолган бўлиши мумкин.

Баъзи уйларда қиш мавсумига тайёрлаб қўйилган озиқ–овқат маҳсулотлари консерваларининг банкаси қопқоғи шишмаган, ранги ўзгармаган бўлсада, истеъмол қилишдан олдин сирланган идишга солиб қайнатиб олиш мақсадга мувофиқдир. Чунки консерва маҳсулотлари қайнатиб олинганда, юқори ҳароратда таркибидаги ботулин заҳарлари (токсинлар) парчаланиб  йўқолади ва заҳарланишни келтириб чиқармайди.

Хулоса ўрнида айтмоқчимизки, ботулизм спораларининг ташқи муҳитда кенг тарқалганлиги, ташқи муҳитга чидамлилиги ва кучли захарланиш оқибатида ноҳуш ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини инобатга олиб, уй шароитларида тайёрланган озиқ–овқат маҳсулотларининг  консерваларини истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз. Ҳамда Савдо дўконлари, бозорларда ва кўчаларда сотилаётган маҳсулотларнинг махсус мувофиқлик сертификати борлигига, банка юзида этикеткаси ва қопқоғида маркировкасига, қопқоғи шишиб турган-турмаганлигига аҳамият берган ҳолда ҳарид қилишни маслаҳат берамиз. Шундагина касалликнинг олдини олган бўламиз. Ўзингиз ва яқинларингизнинг  соғлигига  бефарқ  бўлманг азизлар! Ўз соғлигингиз  ўз  қўлингиздалигини  ҳам  унутманг! Кириб келаётган янги йил барчамизга  қутлуғ бўлсин. Бахт ва саломатлик олиб келсин.

 

 

Жамият саломатлиги ва соғлиқни

сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот

институти  ходими  тиббиёт фанлари номзоди   Кенжабой  Исмаилов

 

 

 

                                          

Поделиться в соц. сетях

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Buzz
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Просмотров: 73 | На печать На печать

Комментариев нет

Отправить комментарий

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech