1519467175_33de14f7af86e14b7fc470e30d20e95c_l

БАРЧАГА САЛОМАТЛИК – БИЗНИНГ ШИОРИМИЗ!

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 2015 йилда бўлиб ўтган ўзининг                             70 йиллик юбелейида “Барқарор Ривожланиш Мақсадлари” дастурини қабул қилган эди. Шундан буён, Дастурда белгиланган ишларни бажариш ва барча инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун аниқ қадамлар қўйишга, Универсал соғлиқни сақлаш қамровига эришишга барча мамлакатларни йўналтириб келади.

Универсал соғлиқни сақлаш қамровига эришиш – ҳар бир киши, ҳар жойда, моддий қийинчиликларга дуч келмасдан, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак деганидир.

Сифатли тиббиёт хизмат ва аҳолини моддий ҳимоя қилишга эришиш нафақат одамларнинг соғлигини мустаҳкамлайди ва умрини узайтиради, балки ҳар бир давлатни эпидемиялардан ҳимоя қилади, қашшоқлик ва очлик хавфини камайтиради, иш ўринларини яратади, иқтисодий ўсиши таъминланади.

Баъзи мамлакатлар аллақачон Соғлиқни сақлаш хизмати билан умумий қамраб олиш бўйича сезиларли муваффақиятга эришган. Аммо дунё аҳолисининг ярми ҳали ҳам керакли тиббий хизматларни олиш имкониятига эга эмас. Шунинг учун ҳам “Бутундунё саломатлик куни” арафасида ЖССТ ва унинг ҳамкорлари турли даражадаги учрашувлар ва суҳбатлар орқали соғлиқни сақлаш хизматининг умумий қамровига эришиш бўйича қилинадиган қадамлар намуналарини ўртоқлашадилар.

2018 йил 7 апрел “Бутундунё саломатлик куни”га “Ҳамма учун, ҳамма жойда, Соғлиқни сақлаш хизмати билан умумий қамраб олиш” мавзуси ўртага ташланган.

Сир эмаски, олдин юрак қон томир касалликлари¸онкологик касалликлар билан фуқаролар чет давлатларга (Хиндистон, Россия ва б.қ) бориб, ортиқча маблағ сарфлаб даволаниб келишга мажбур бўлишар эди.

Бугунги кунда республикамизда замонавий тиббий асбоблар билан жиҳозланган ихтисослаштирилган илмий марказлар фаолият юритмоқда. Ушбу марказларда жаҳон стандартларига жавоб берадиган амалиётлар ўтказилмоқда. Шунингдек, чет давлатларнинг нуфузли клиникаларидан етук мутахассислар юртимизга таклиф қилиниб, республикадаги шифокорлар билан ҳамкорликда беморларга маслаҳат бериш ва даволашда иштирок этишмоқда. Республика ихтисослаштирилган илмий марказларнинг етакчи мутахассислари вилоят, туманларга бориб амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Қишлоқ врачлик пунктлари мувофиқлаштирилиб, қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди. Бу поликлиникаларда аҳоли бирламчи тиббий ёрдам олиш билан биргаликда, тор мутахассислар маслаҳатини олиши ва кундузги шифохоналарида даволаниш имкониятларига эга бўлди.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдам кўрсатиш бўғинларида патронаж ҳамширалари ҳар бир хонадонларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва касалликларни эрта аниқлаш ҳамда аҳолининг ўз вақтида профилактик тиббий кўрикдан ўтишлари тўғрисида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришмоқда. Шунингдек, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тиббий маданиятини ошириш мақсадида маҳаллаларда “Саломатлик мактаблари” ташкил қилинган.

Аҳолининг барча қатламларини бирламчи тиббий-санитария ёрдами билан қамраб олиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларни эрта аниқлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар бевосита ЖССТнинг “Бутундунё саломатлик куни” бўйича ўртага ташланган “Ҳамма учун, ҳамма жойда, Соғлиқни сақлаш хизмати билан умумий қамраб олиш” нинг ҳаётдаги ижросидир. Бундан буён ҳам ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш кўзда тутилган.

“Бутундунё саломатлик куни”нинг шиори “Барчага саломатлик” деб номланган. Ҳамма саломат бўлиши учун, ҳар бир инсон тиббий маданиятга эга бўлиши, соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилиши лозим.

ЖССТнинг маълумотларига кўра инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда инсоннинг ўзига, яъни яшаш турмуш тарзига, 20 фоиз ҳолатда экологик омилларга, 15 фоиз ҳолатда ирсий омилларга, 10 фоиз ҳолатда тиббий ёрдамга боғлиқ бўлади.

Демак, инсон соғлом бўлиши учун – тиббий маданиятини мунтазам ошириб бориши ҳамда соғлом турмуш тарзи ва унинг тамойиллари ҳақида етарли маълумотга эга бўлиши, шунингдек, ушбу тамойилларга амал қилиши керак.

Тиббий маданият – бу ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигини сақлаши, саломатликка таъсир қилувчи турли хавфли омиллар ва касалликлардан ҳимояланишини, жисмоний фаолликнинг аҳамиятини, шахсий гигена қоидаларини, атроф-муҳит тозалигининг аҳамиятини билиши ҳамда тиббиётга   оид мунтазам билимларини ошириб боришидир.

Соғлом турмуш тарзи тамойилларига – тиббий маданиятни ошириш, соғлом овқатланиш, шахсий гигиенага амал қилиш, зарарли одатлардан воз кечиш, жисмоний фаол ҳаракатда бўлиш, кун тартибига риоя қилиш, руҳий саломатликни асраш ва профилактик тиббий кўрикдан йилига бир маротаба ўтиш киради.

Соғлом овқатланиш – бу инсоннинг ўсиши, меъёрий ривожланиши ва ҳаёт фаолиятини, унинг саломатлигини мустаҳкамлашга ҳамда касалликларни олдини олишни таъминлашга имконият беради.

Саломатликка таъсир қилувчи зарарли омилларга – чекиш, спиртли ичимликларни сурункали истеъмол қилиш, ортиқча тана вазни ва семизлик, камҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш киради.

Барча саломат бўлиши учун соғлом турмуш тарзининг қуйидаги асосий принципларига амал қилиши зарур:

Шахсий гигиенага амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда тишларни кунига икки маҳал ювиш орқали оғиз бўшлиғидаги бактериялар кўпайишининг олди олинади. Тери гигиенасига амал қилган ҳолда кунига бир маротаба душ қабул қилиш – тери касалликларининг ривожланишига имкон бермайди. Оёқ ва уст кийимларини тоза ва озада сақлаш мақсадга мувофиқдир.

Зарарли одатлардан: тамаки, нос ва чилим чекиш ҳамда спиртли ичимликларни сурункали истеъмол қилишдан воз кечиш зарур. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, тамаки чекувчиларда чекмайдиганларга қараганда бронхит ва ўпка эмфиземаси 6 маротаба, ҳалқум саратони (рак) 5 маротаба, қизилўнгач ва ошқозон саратони 3 маротаба, қон айланиш тизими касалликлари 2,5 маротаба, ошқозон яраси 10 маротаба, тўсатдан юз берувчи ўлим ҳолати 5 маротаба кўп кузатилади. Тамаки чекиш инсон умрини 12-15 йилга қисқартиради. Спиртли ичимликларни сурункали истеъмол қилиш – овқат ҳазм қилиш тизими (ошқозон, ошқозон ости бези, жигар), юрак-қон томир тизими касалликлари (инфаркт, қон босими ошиши) ва бош мия, руҳий ҳолатининг бузилишларига олиб келади. Умр кўриш давомийлиги ичмайдиганларга нисбатан камида 10 йилга қисқаради. Шу сабабли ҳам бу зарарли одатларда воз кечиш зарурдир.

Тўғри ва оқилона овқатланиш мақсадга мувофиқдир.Овқатланиш кунига 3-4 маҳал, 3 – 4 соат оралиғида бўлиши, ҳар куни бир вақтда овқатланиш ва охирги овқат уйқудан камида 2 соат олдин истеъмол қилинган бўлиши ҳамда овқатланишнинг оптимал вақти 30 минут давомида бўлиши керак. Турли-хил озиқ-овқат маҳсулотларини, кунига бир неча маҳал ҳар хил сабзавот ва мевалар, кўпроқ ўсимлик ёғи, таркибида ёғи кам бўлган сут ва сут маҳсулотларини (қатиқ пишлоқ, творог ва бошқа) кўпроқ истеъмол қилиш зарур. Ёғли гўшт ва ундан тайёрланган маҳсулотларни, дуккаклиларга, имкон даражасига қараб балиққа ёки парранда гўштига алмаштириб туриш керак. Қанд (шакар)ни ва таркибида қанд миқдори юқори бўлган ширинлик ва ширин ичимликларни истеъмол қилишни чегаралаш зарур. Тузнинг умумий миқдори кунига бир чой қошиқ (5 грамм)дан ошмаслиги ва фақат йодланган тузни истеъмол қилиш, овқатланганда чой ичмаслик, чой ўрнига сабзавот ва меваларнинг табиий шарбатлари ичишга одатланиш зарур. Чойни асосий овқатланишлар орасидаги танаффусларда ёки овқатдан 2 соат кейин ичиш тавсия қилинади. Овқат тайёрлаш жараёнида термик ишлов бериш жараёнларига алоҳида аҳамият бериш керак. Таомларни буғда димлаш, микроволновка ёки духовкада пишириш, қайнатиш унинг хавфсизлигини таъминлашга ва тайёрлаш жараёнида сарф қилинган, ёғ, туз ва қанд миқдорини камайтиришга ёрдам беради.

Ортиқча тана вазни инсон саломатлигига салбий таъсир қилиши сабабли ундан холос бўлиш зарур.Ортиқча тана вазни юрак қон томир, нафас олиш, ошқозон ичак тизими ва умуртқа поғонасининг касалликларига олиб келади. Ортиқча ёғ тўқималари фақат тери остида эмас, балки ички аъзоларда ҳам йиғилади ва ушбу аъзоларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ҳам ҳар бир инсон ўз тана вазнини назорат қилиб бориши керак.

Кун тартибини тузиш ва унга амал қилиш киши саломатлигида муҳим аҳамиятга эга.Кун тартиби – бу иш вақти, дам олиш ва уйқу соатларидир. Кун тартибига амал қилиш мураккаб бўлиши мумкин. Лекин соғлом турмуш тарзига амал қилиш мақсадида ҳар бир инсон ўзига тўғри келадиган кун тартибини тузиши керак.

Эрталабки бадан тарбия – уйқучанлик ва ланжликни йўқотади, кайфиятни кўтаради, иштаҳани очади. Эрталабки машқлар ҳаракатчан, майин ва нафас олиш машқларидан иборат, бадан тарбия кескин ҳаракатларсиз, секин, бир маромда ва чарчоқсиз бўлиши зарур.

Спорт – билан мунтазам шуғулланиш саломатлик ва узоқ умр кўриш кафолатидир.Ҳаракат – ҳаёт, фаол ҳаракат соғлом турмуш тарзидир. Ҳар ким ўзига   жисмонан ва руҳан тўғри келадиган спорт турини танлаши керак. Боғларда сайр қилиш, пиёда тез юриш, югуриш кайфиятни кўтаради. Сузиш, велосипедда юриш соғлиққа ижобий таъсир қилади.

Танани чиниқтириш касалликларга берилувчанликнинг олдини олади.Қуёш нури ва қуёш ванналаридан баҳраманд бўлиш инсон организми учун жуда фойдалидир. Мунтазам танани чиниқтириб бориш организмни соғломлаштиради. Танани чиниқтиришни секин аста ошириб бориш ва кетма кетликда амалга ошириш соғликни мустаҳкамлайди.

Меъёрий уйқу-инсон саломатлиги учун муҳим омиллардан биридир. Катта ёшдаги одамлар суткасига 7-8 соат ухлаши керак. Уйқудан камида                          2 соат олдин овқатланиш зарур. Ҳар куни имкон қадар бир вақтда ухлаш ва эрталаб бир вақтда уйғонишга ҳаракат қилиш лозим. Уйқуга яқин чой, қаҳва ва кўп суюқликлар ичиш ҳамда қўрқинчли жангори фильмларни кўриш тавсия этилмайди. Бир пиёла ёғсиз қатиқ ёки бир пиёла қайнаб илиган сувга бир чой қошиқ асал солиб ичиш фойдали ҳисобланади. Уйқудан олдин хонани шамолатиш, илиқ ванна қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳар бир инсон ўз ҳис-туйғуларини бошқара олиши ва стреслар билан курашишга ўрганиши керак.Ҳаётда учраб турадиган ноҳуш ҳолатлар: ноқулай об-ҳаво, маблағнинг йўқлиги, дўстнинг хиёнати ёки ишда бўладиган келишмовчиликлар кишини безовта қилиши керак эмас. Ҳаётни борича қабул қилиш ва севиш лозим. Салбий ҳис-туйғулар касалликларга олиб келишини унутмаслик керак.

Барчамиз соғ-саломат бўлишга интилмоғимиз керак. Мақсадимиз-соғлом ҳаёт сари!

Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни

ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ходими

т.ф.н. Кенжабой Исмаилов

Поделиться в соц. сетях

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Buzz
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Просмотров: 199 | На печать На печать

Комментариев нет

Отправить комментарий

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech