small_fcf776864b70e5618594979aeb186dc9

Саратон иссиғидан сақланинг

Айни кунларда об-ҳавонинг кескин исиб кетиши натижасида одамларда офтоб уриши ва сувсизланиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Шундай экан, инсон организмининг муҳим  хусусиятларидан бири унинг ташқи муҳит таъсирига мослаша олишидир. Иссиқ иқлим шароитига мослашишда организмни чиниқтириш, вақтида овқатланиш, ҳатто терлашнинг роли катта.

Одам организмида моддалар алмашиш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқлик узлуксиз ташқарига чиқиб туради. Масалан, мушакларнинг бир кеча кундуз енгил ишлаши натижасида организмдан уч минг катта каллорияга яқин иссиқлик чиқади. Яна бир мисол: одам танасидан кеча-кундузда ажралиб чиққан иссиқлик билан уч тонна хажмдаги сув ҳароратини бир даражага  кўтариш мумкин.

Мутахассисларнинг кузатилишидан шу нарса аниқландики, ёз фаслида ҳар бир киши ўрта ҳисобда тер билан 4-5 литр сув ва 20-30 грамм ош тузи йўқотар экан. Одам танасидан тер ажратилиши ва унинг буғланиши тананинг совишига сабаб бўлади.

Иссиқ ҳаво ва қуёш нури таъсиридан тана қизиб кетиши натижасида қуйидаги ҳолларни кузатиш мумкин: гипертермия ёки тананинг қизиб кетиши, қуёш уриши, организмнинг турли ҳолатда сув йўқотиши. Бундай кўнгилсиз ҳолатлар вазиятга қараб алоҳида ёки биргаликда содир бўлиши ҳам мумкин.

Гипертермиянинг енгил турида иштаҳа йўқолади, чанқайди, лоҳас бўлади ва уйқу босади. Организм ҳарорати кўтарилиб, қон томир уриши ва нафас олиш тезлашади, терлаш кучаяди. Ўртача гипертермияда юқоридаги аломатларга бош оғриши ва айланиши, нафас қисиши, тери юзаларининг кўкариб кетиши ҳамда бўшаши қўшилади. Иссиқ урганда ҳароратнинг кўтарилиши билан бир вақтда: беҳушлик, лаблар  кўкариши, қон-томир уриши  тезлашиб, сўнг сусайган бўлади, терлаш ҳам камаяди, айрим ҳолларда тўхтаб қолиши мумкин.

Юқоридаги ҳоллар содир бўлганда дарҳол беморнинг иссиқ алмашиш қобилиятини тиклашга ҳаракат қилиш керак. Умуман, ҳамма ҳолларда ҳам беморни юқори ҳарорат ҳамда қуёш нури таъсиридан соя-салқин ерга олиб чиқиш лозим ва эркин ҳаракатни қийинлаштирувчи кийимлардан ҳоли қилиш, сув ичириш, бош ва кўкракка латтани совуқ сувга ҳўллаб бош кўтарилган ҳолда босиш зарур. Беморга сув ичиришнинг иложи бўлмаса, тери ости ёки вена қон-томирига шифокорлар ёрдамида физиологик суюқлик юбориш керак.

Овқаталниш режимига келганимизда, у асосан иш режимига монанд тузилиши лозим. Саратонда кундалик истеъмол қилинадиган овқатнинг асосий қисмини эрталаб, ва кечки пайтда ейиш, тушда эса янги сабзавотлардан тайёрланган, ўз таркибида етарли оқсилга эга бўлган овқатларни истеъмол қилиш натижа беради. Кун иссиғида кўк чой ичиш жуда фойдалидир. Турли янги мевалар-олма, ўрик, айниқса, олчадан тайёрланган шарбат ва коктейллар ҳам ташналикни яхши қондиради. Ичимликларни эрталаб ва кечқурун тўйгунча ичиш мумкин. Туш пайтида эса ортиқча истеъмол қилиб бўлмайди. Иссиқ иқлим шароитида тўғри кийиниш ҳам саломатлик гаровидир. Турли рангдаги сунъий капрон тўқималар ёки қалин ялтироқ материаллардан тикилган кийимлардан кўра, синовдан яхши ўтган оқ матодан, енгил лавсандан тикилган кийимлар иссиқ иқлим шароитида жуда қулай.

Бизнинг иссиқ иқлим шароитимизда саратоннинг энг иссиқ ойларида бошига офтоб ўтказмайдиган оқ рангдаги енгил бош кийим кийиб юришга одатланиш, сочни мустаҳкам қилишнинг муҳим омилларидан биридир.

Саратонда кун режими, шахсий гигиенага амал қилиш лозим. Ёз кунларида барча соҳа кишилари ишни эрта бошлашга, куннинг қизиган вақтида эса дам олишга одатлансалар, меҳнат унунмдорлиги яхши бўлиши шубҳасиз. Иссиқ кунларда ишдан кейин илиқ душда чўмилиш ёки ванна қабул қилишга одатланиш организмни чиниқтиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.

Саломатлик ва тиббий статистика институти

Поделиться в соц. сетях

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Buzz
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Просмотров: 2 141 | На печать На печать

Комментариев нет

Отправить комментарий

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech