56ab17bd9651d

Одам савдоси – жамият муаммоси!

Одам савдоси инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, дунё тараққиёти  учун  мутлақо ёт бўлган  трансмиллий  муаммо, жиноят саналади.  Инсон табиат бойликларидан лаззатланиши, соғ-саломат, баҳтли ҳаёт кечириши, кучли ва ақлли бўлиши учун, ўзини-ўзи асраб авайлаши, ҳимоя қилиши ҳамда шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиши лозим.

Кейинги йилларда дунёнинг қатор мамлакатларида одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, бу жиноятга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда. Айни пайтда, трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган бу жиноят тури дунё миқёсида кенг тарқалган. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча миллионларни ташкил қилмоқда.

Бугунги кунда одам савдоси орқали инсоннинг нафақат жисмоний кучини, балки уларнинг тана аъзоларини, ҳаттоки маънавий қадриятларини ҳам бозорда пуллаш ҳолатлари кузатилмоқда.

Инсонлар бойлик ортириш мақсадида ўз яқинлари, қариндош-уруғларини, маҳалла-куйда яшаб турган маҳалладошларини турли хил алдов йўллари билан Россия, Туркия, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа чет давлатларда яхши ҳақ тўланадиган ишларга жойлаб қўйишни ваъда қилиб, ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетиб сотиб юбормоқдалар.

Бундай ҳолатларнинг, бизнинг мамлакатимизда ҳам мавжудлиги миллатимиз ва жамиятимизнинг фожиасидир. Айниқса, бу ишларда бевосита жабрланувчи бўлиб қолаётганларнинг аксарияти аёллар эканлиги ачинарли ҳолатдир. Аёлларни чет давлатларда  яхши ҳақ тўланадиган ишларга жойлаб қўйишни ваъда қилиб, чет давлатларда  сотиб юборилаётганлиги ва бунинг оқибатида аёллар фоҳишалик қилишга мажбур қилинаётганлиги мудҳиш ҳолдир. Фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилинаётган аёллар,  бу орқали  улар  ўзларига ва ўзгаларга аср вабосига айланган одам  иммуннитети танқислиги вирусини (ОИВ) юқтириб олишмоқда. Одам иммуннитети танқислиги вирусининг яширин даври 1-9 йил давом этишини инобатга олсак, бу давр мабойнида улар кўплаб  инсонларга ҳатто ўзи билмаган ва хоҳламаган ҳолда оиласига келиб юқтиришига сабабчи  бўлишмоқда. Бу эса фожиа кетига фожиадир. Шунингдек, чет давлатларга пул топиш илинжида кетган эркакларнинг сотиб юборилиши оқибатида уларнинг ишлаш шароитлари ночор ҳолатда бўлган нам, совуқ шароитларда ишлаши, ер тўлаларда яшаши, тўйиб овқатланмасликлари оқибатида турли хил юқумли ва сурункали касалликлар орттириб келаётганлигини қандай  изоҳлаш мумкин. Айниқса жинсий йўл билан юқадиган ОИВ инфекцияси,  заҳм касалликлари ҳамда зах жойларда яшовчилар орасида сил, сурункали простата безининг яллиғланиши туфайли бепушт бўлиб қолаётган йигитларнинг аҳволи ачинарли, албатта.

Кузатишлар шуни кўрсатдики, асосан 20-25 яшар йигит-қизлар бу иллат домига тушиб қолишлари эҳтимоли юқори ҳисобланади.

Баъзи бир инсонларнинг  ҳуқуқий маданияти етарли даражада эмаслиги ҳам уларнинг одам  савдоси қурбонига айланишига сабаб бўлмоқда. Айрим нопок ҳамюртларимизнинг ғайриинсоний ва ғайриқонуний      ҳаракатлари туфайли  енгил иш топиш орзусида бўлган, тез фурсат ичида моддий муаммолаларни ҳал этиш илинжида юрган  одамларни  ҳар хил алдов йўллари билан ушбу жиноят қурбонларига айлантирмоқда.  Айниқса,  халқимизнинг  соддалиги ва ишонувчанлиги, аксарият аёллар дунёқарашининг торлиги, сайёзлиги оқибатида билиб-билмасдан одамфурушлар “тўр”ига осонгина илиниб қолишларига замин яратмоқда.

Юртимизда замонавий қулликка қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Бунда аҳолининг ушбу қабиҳ жиноятлар ҳақида хабардорлигини ошириш, уларни ноқонуний миграция оқибатлари хусусида огоҳлантириш, бу борада Ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса 2017 йилни “Ҳалқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари институтининг жорий қилиниши ва Халқ қабул хоналарининг очилганлиги меҳнат қилиш истагида бўлганларга улкан  имкониятлар эшигини очди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармонига мувофиқ қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ХАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИнинг тўртинчи йўналиши айнан ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари деб номланган бўлиб, унга кўра, мамалакатимиз аҳолисининг реал пул даромадларини ва ҳарид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сонини ва аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини янада камайтириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳолининг, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори мутаносиблигини ва инфратузилмаси ривожланишини таъминлаш, ишсизлик даражасини камайтириш масалалари қўйилган. Яна шуни таъкидлаш мумкинки, меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун шароитлар яратиш, ишчи кучи сифатини яхшилаш, ишга муҳтож шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини кенгайтириш масалалари ҳам белгилаб қўйилган бўлиб, ҳозирги кунда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Ушбу Ҳаракатлар стратегияси орқали  биз юртимизда инсон манфаатлари учун, уларнинг муносиб турмуш шароитларига эга бўлган ҳолда ҳаёт кечиришлари учун нечоғлик улкан ишлар амалга оширилаётганлигини кўришимиз, нафақат кўришимиз, балки бевосита гувоҳи бўлишимиз мумкин. Ана шундай имкониятлар, енгилликлар яратилаётганлини кўра-била туриб, юртдошларимизнинг чет давлатларига оғир  иш шароитларида ишлашга рози бўлиб кетишлари ва у ерларда мўмай пул топиш илинжида турли хил қабиҳ ишларни бажариш ва бунинг оқибатида,  ўзининг ва ўзгаларнинг соғлиғига путур етказишдек нопок ишлар билан шуғулланиши оқибатида орттириб олган турли хил касалликларини юртимизга олиб киришлари миллатимизнинг, ўзбек миллатининг узоқ даврлар мобайнида шаклланиб келган қадриятларига зид ҳаракатлар эмасми? Зеро, ўз юртида ишни қойил қилмаган одам, чет давлатларда бирон ишни қойил қилишига ишониш қийин.

Меҳнат ва аҳолини  ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошида Одам савдоси жабирдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази ташкил қилинган.Ушбу марказ одам савдоси жабрдийдаларига кечиктириб бўлмайдиган тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа ёрдам кўрсатиб келмоқда ҳамда қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, озиқ-овқат, доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари билан таъминламоқда.  Шунингдек, одам савдоси жабрдийдалари хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг қариндошлари билан мулоқот ўрнатишида кўмаклашиш йўлга қўйилган. Одам савдоси жабрдийдаларига, уларнинг қариндошларига ва васийларига одам савдоси жабрдийдаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўғрисида ахборот бериш, ҳамда  одам савдоси жабрдийдаларини ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш ишлари олиб борилмоқда. Чет давлатларда бўлиб келган фуқаролар  паликлиникаларда тиббий текширишлардан ўтказилиб, уларга соғлигини мустаҳкамлаш бўйича ҳамда соғлом турмуш тарзи юзасидан тавсиялар бериб келинмоқда.

Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш илмий тадқиқот институти ҳамда унинг худудий филиаллари, туман ва шаҳарлардаги Саломатлик марказлари, даволаш-профилактика муассасалари врачлари ҳамкорлигида “Одам савдоси, унинг инсонлар саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солиши” юзасидан оммавий аҳборот воситалари орқали чиқишлар қилиниб одамларнинг  ҳуқуқий билимларини ошириш юзасидан тарғибот ишларини олиб бормоқдалар.

Чет элда ишлашни ҳоҳлаганлар учун қонуний йўллар билан ишлашни танлашни таклиф  қиламиз! Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий  муҳофаза  қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига  мурожаат қилишингиз мумкин.

Ноқонуний  йўллар  билан  пул  топаман  деб, соғлиғингиз, ҳаётингиз ва оилангиз шаънига  доғ тушурманг!  Миллий ғурур ва қадриятларимизни унутманг!

 

Жамият саломатлиги ва соғлиқни

сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот

институти  ходими  тиббиёт фанлари номзоди   Кенжабой  Исмаилов

 

 

 

Поделиться в соц. сетях

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Buzz
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Просмотров: 397 | На печать На печать

Комментариев нет

Отправить комментарий

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech